Ёшлар ишлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи Жамшид Чориев бошчилигидаги делегация Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош туманида бўлиб, ҳудуддаги ёшлар етакчилари фаолияти билан танишди, ўзаро тажриба алмашди.

Туманда беш ташаббус олимпиадаси доирасида Сурхондарё вилоят ҳокими соврини учун спорт мусобақалари ҳам ўтказилди.

Президентимиз ғояси билан Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишда шаҳар ва туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш шароитларини яхшилашга вилоятлар масъул этиб бириктирилган. Тахиатош туманини ривожлантириш топширилган Сурхондарё вилояти ҳудудни ҳар тарафлама юксалтириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳордиқ чиқаришлари учун етарли шароит яратиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олган. Шунга мувофиқ ҳудудда йирик ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоятнинг Термиз шаҳри ва туман ҳокимликлари Тахиатош туманининг ҳар бир маҳалла ва овулларига бириктирилиб, “маҳаллабай” ишлаш тизимини ривожлантириш, оилавий тадбиркорликни кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлашга яқиндан кўмаклашаётир. Туман ва шаҳар ҳокимликлари, мутасадди ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, тадбиркорлар тез-тез Тахиатошга бориб, янги лойиҳаларни амалга ошириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш масалалари билан танишмоқда. Натижадорлиги таҳлил қилинаётир.

Туманда вилоят тадбиркорлари амалга оширадиган лойиҳаларни ер майдони ва инфратузилма билан таъминлаш учун 103,5 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил этилди. Унинг бош режаси ишлаб чиқилиб, ҳозиргача ер майдонлари аукцион савдоларига чиқарилди. Сурхондарёлик тадбирлар Тахиатошда қиймати 239,6 миллиард сўмлик 19 та лойиҳани ишга туширади. Тумандаги “Остона Килем” масъулияти чекланган жамияти жанубдаги воҳа тажрибасини қўллаб, кооперация асосида гиламчиликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, кооперация асосида гиламчиликни ташкил этиш лойиҳасини амалга оширди. 50 та янги иш ўрни яратди. Шунингдек, мазкур корхона ҳамкорлигида Тахиатош туманида ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича яна қатор ишлар бошланди. Хусусан, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш учун вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Найманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги нуронийлар чойхонаси, овул фуқаролар йиғини биноси бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан туманда барпо этиладиган 150 ўринли замонавий мактабгача таълим муассасасининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга 50 та ихчам иссиқхона қуриб берилди. 50 та хонадонга тикув машинаси, 20 та хонадонга 500 тадан жўжа очиш қувватига эга инкубатор топширилди.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун 2021 йилда 7,2 километр ариқ тозаланган бўлса, шу йилнинг ўтган даврида 5 километрдан ортиқ ирригация тармоғида тозалаш ишлари олиб борилди. Бу юмушлар қизғин давом этмоқда. Туманда шўрланишнинг олдини олиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш учун 22 километр мелиоратив тармоқ тозаланиб, реконструкция қилинмоқда. Тахиатош тумани қишлоқ хўжалиги бўлими биноси ҳам тўлиқ таъмирланиб, мутахассислар учун қулай шароит яратиб берилди.

Туманда ташкил этилаётган турли маданий-маърифий тадбирлар ёш авлодни ҳар тарафлама баркамол вояга етказиш, тахиатошлик ёшларни қўллаб-қувватлаб, муносиб рағбатлантиришга хизмат қилмоқда. Масалан, шу йил баҳор фаслида Тахиатош тумани мактабларида сурхондарёлик ва қорақалпоғистонлик ўқувчи-ёшлар ўртасида “Беш ташаббус – беш имкон” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ва кўрик-танловлар ташкил этди. Ғолиблар муносиб рағбатлантирилиб, уч минг дона китоб, 50 тўплам компьютер, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун мактаб формалари топширилди.

Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси вилоят ҳокими соврини учун маҳаллалар ўғил-қизлари ўртасида уюштирган шахмат, стол тенниси, футбол каби спорт беллашувлари ҳам барчага байрамона кайфият улашди.

– Туман ёшларининг спортга қизиқиш ва интилиши катта таассурот уйғотди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ж.Чориев. – Вилоят ҳокими соврини учун ўтказилган мусобақаларимиз ҳам қизғин баҳсларга бой бўлди. Якунда беллашувлар ғолибларини муносиб тақдирладик. Бу мусобақаларда фаол иштирок этган энг чаққон, энг кучли ёшлар келажакда нуфузли жаҳон беллашувларида мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришига ишонамиз. Шунингдек, вилоят ҳокимимиз Тахиатошга келиб, туман ҳокими ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан ўтказган очиқ мулоқотида спорт мактабини кураш гилами, Абат макан ва Марказ маҳаллаларини стрит-воркаут жиҳозлари билан таъминлашга ёрдам сўраб мурожаат этган эди. Ана шу жиҳозларни ҳам топширдик.

Тадбир доирасида сурхондарёликлар тахиатошлик паралимпиядачи ёш спортчилар хонадонларида бўлиб, улар билан дилдан суҳбатлашди. Ғоя ва таклифларини тинглади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА