Пойтахтимизда “Ўзбекистон тараққиётида парламентдаги аёлларнинг роли” мавзусидаги иккинчи форум бўлиб ўтди.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамда ЕХҲТ билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда сенаторлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, халқаро ташкилот ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Форумда хотин-қизларнинг сиёсий майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, вакиллик ҳокимияти органларининг парламент билан конструктив алоқаларини кенгайтириш, мамлакатимиз тараққиётида парламентдаги аёлларнинг ўрнини кучайтириш ва гендер тенглик масалалари муҳокама қилинди.
Форумда Сенат Раиси Танзила Норбоева нутқ сўзлаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, уларни ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Бугунги кунда хотин-қизларга эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва иштироки кенгайиб бормоқда. Бу соҳада халқаро ҳуқуқ нормалари ва стандартларга мувофиқ 2 та қонун, 40 га яқин қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Шиддатли ислоҳотлар даври парламент аъзоларидан фақат ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш эмас, балки халқ вакилларининг барча соҳалардаги ўзгаришлар, янгиланишларда фаол иштирок этишини, халқ манфаатларига хизмат қиладиган қонун ижодкорлигини тубдан кучайтиришни талаб этмоқда.
Шунингдек, ижро ҳокимияти устидан ўрнатилган парламент назоратини жонлантиришни, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни чуқур таҳлил қилиш ва бартараф этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш ҳамда халқаро йўналишдаги фаолият натижадорлигини оширишни тақозо этади. Бу борада парламентарий аёллар билими, тажрибаси, малакаси узлуксиз равишда юксалиб бориши лозим. Депутат аёллар ўз амалий фаолиятида қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиши, берилган ваколатли имкониятлардан тўлақонли фойдаланган ҳолда сайловчилар ишончини оқлаш учун қандай ҳаракат қилиши керак, каби масалаларга ечим топиш зарурати юзага келмоқда.
Ҳозирги вақтда мамлакат равнақи йўлида ҳамкорлик қилиш ва бир ёқадан бош чиқариб ҳамжиҳатликда ишлаш учун аёл парламентарийлар платформаси орқали хотин-қизларнинг сиёсий майдондаги ўринларини мустаҳкамлаш ва ушбу платформа орқали вакиллик ҳокимияти органлари парламент билан конструктив алоқаларини мустаҳкамлаш зарур.
Форумда қайд этилганидек, бугунги кунда парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражада бўлиб, 32 фоизни ташкил этмоқда. Хотин-қизларнинг бошқарув лавозимидаги улуши 27 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 25 фоизга, сиёсий партияларда 44 фоизга, олий таълимда 46 фоизга етди. Гендер тенглик тамойилларига алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда.
Таъкидланганидек, кейинги ўн йилликда “гендер хусусиятларини инобатга олувчи парламентлар» тушунчаси гендер тенгликни тарғиб қилишнинг муҳим инструментига айланди. Миллий парламентимизда хотин-қизлар 32 фоизни ташкил этаётганининг кенг доираларда эътироф этилаётгани қувонарли ҳол. Парламентлараро иттифоқнинг 2021 йилги “Сиёсатдаги аёллар” халқаро рейтингида Ўзбекистон хорижий мамлакатлар орасида 45-ўринни эгаллаб, топ-50 таликдан жой олган.
Анжуманда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш ва ташкил этишда аёл сенатор ва депутатларнинг иштирокини кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб бориш, бу жараёнга нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, 2022-2026-йилларда мамлакатимиз иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини оширишга қаратилган Миллий дастур ва 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг жойлардаги ижросини самарали ташкил этиш муҳим аҳамиятга эгалиги иштирокчилар томонидан алоҳида қайд этилди.
Форумда хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини фаоллаштириш, уларни давлат бошқаруви идораларида қарорлар қабул қилиш даражасида ишлашига эришишга оид таклиф ҳамда фикр-мулоҳазалар билдирилди. Якунда тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА