Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш соҳада амалга оширилган ишлар таҳлили ва Миллий хавфсизлик хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларга бағишланди, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.
Йиғилишда Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони вакиллари, ҳукумат аъзолари, шунингдек, МХХ марказий аппарати ва ҳудудий тузилмаларининг раҳбар ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда алоҳида таъкидландики, ҳамма замонда ҳар қандай давлатнинг энг асосий вазифаларидан бири шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш бўлган ва шундай бўлиб қолади.
Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистонда мустақилликнинг биринчи кунларидан миллий хавфсизлик масалалари мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатининг энг устувор йўналиши этиб белгиланди.
Халқаро терроризм, диний экстремизм, одам савдоси, наркотик моддалар ва қурол-яроғ воситаларининг ноқонуний савдоси каби трансмиллий таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги кунда ушбу вазифаларга алоҳида эътибор қаратиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ўтган даврда Миллий хавфсизлик хизмати Ўзбекистон суверенитетини, мустақиллигини ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш ҳамда ҳимоя қилиш ишларига салмоқли ҳисса қўшгани қайд этилди.
Бу, айниқса, бизнинг яқин ва узоқ ён-атрофимизда рўй берган турли инқирозлар, айрим бузғунчи кучлар томонидан мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни издан чиқаришга уринишлар содир этилган жуда оғир йилларда яққол намоён бўлди.
Шу билан бирга, йиғилишда Миллий хавфсизлик хизматининг фаолияти холис баҳоланган ҳолда, унинг айрим бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалари фаолияти танқид қилинди. Идоралараро ҳамкорлик, тезкор ва қидирув тадбирларини ўтказиш, шунингдек, кадрлар билан ишлаш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, Миллий хавфсизлик хизматининг таркибий тузилишини қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлади. Махсус хизмат доирасига кирмайдиган вазифалар билан шуғулланадиган, бошқа давлат тузилмалари фаолиятини такрорлайдиган бўлинмаларни тугатиш, айни вақтда миллий хавфсизликнинг устувор йўналишларини таъминлайдиган бўлинмаларни мустаҳкамлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Ўзбекистон тараққиётининг Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган кенг кўламли вазифалардан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизнинг барча соҳалари давр талаби асосида тубдан ислоҳ этилаётган янги шароитда Миллий хавфсизлик хизматининг яқин келажакка мўлжалланган устувор вазифалари белгилаб олинди.
Президентимиз Миллий хавфсизлик хизмати давлатнинг ҳуқуқ-тартибот органларидан бири сифатида ўзининг кундалик фаолиятини мамлакатимизнинг барча вазирлик ва идоралари учун асосий фаолият мезонига айланган “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойил асосида ташкил этиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонуни ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Қонунда МХХнинг асосий функция ва вазифалари белгилаб берилади ва, энг муҳими, унинг қабул қилиниши билан мамлакатимиз ҳуқуқ-тартибот органларининг ваколат доиралари аниқлаштириб олинади.
Ҳар қандай жамоа, жумладан, МХХ иш фаолиятининг самараси ҳам кадрлар, биринчи навбатда, унинг раҳбар ходимларига, уларнинг ўз бурчига садоқати, профессионал даражаси, меҳнатсеварлиги ва юксак масъулиятига боғлиқ, деб алоҳида қайд этди Президентимиз.
МХХ бўлинмалари ўзининг ваколати доирасида халқимизнинг муаммоларини ҳал қилишга, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотларига олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш ишларига яқиндан ёрдам бериши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти МХХ ўқув юртларининг раҳбарлари ва профессор-ўқитувчиларига ёш кадрларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакат қонунчилиги талабларига оғишмай риоя этиш, турли синовларга чидамли бўлиш, ўз устида мунтазам ишлаш ва профессионал маҳоратини узлуксиз ошириб боришга интилиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратишни қатъий вазифа қилиб қўйди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинлангани муносабати билан Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан Республика Бош прокурори лавозимида ишлаб келаётган Ихтиёр Абдуллаев Миллий хавфсизлик хизмати раиси этиб тайинланди.
Миллий хавфсизлик хизмати ва унинг бўлинмалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
ЎзА