Корея Республикаси делегацияси аъзолари қадимий Хива шаҳрининг тарихий обидаларини томоша қилди

Урганчда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон ва Жанубий Корея тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларини кенгайтириш, янги қўшма корхоналар барпо этиш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга қаратилган бизнес форум бўлиб ўтди.
Унда икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича муҳим масалалар муҳокама қилинди. Жанубий кореялик ишбилармонларда вилоят тадбиркорлари ва ҳунармандлари томонидан ташкил этилган кўргазма катта таассурот қолдирди.
2 (1).jpg
– Форум мамлакатимиз, хусусан, Хоразм вилоятининг экспорт, инвестиция ва туристик салоҳиятини янада ошириш, икки давлат ишбилармонлари хамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ж.Ўроқов. – Шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилишга қўшимча рағбат ҳам дейиш мумкин. Бугунги кунда Жанубий Кореянинг қурилиш, косметика, савдо, заргарлик саноати соҳаларидаги 30 дан ортиқ йирик компаниялари вакиллари юртимиздаги инвестиция муҳитига қизиқиш билдирмоқда.
6.jpg
Форум доирасида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларни ўртага ташлади ва муҳокама қилди. Кореялик тадбиркорлар мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция муҳити билан яқиндан танишди.
– Кореялик ишбилармон доира вакиллари Ўзбекистонга катта қизиқиш билан қарайди, – дейди Корея Республикаси делегацияси раҳбари Ким Ён Гу. – Чунки, мамлакатингизда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар, берилаётган турли имтиёзлар маҳаллий тадбиркорлар билан ишончли ҳамкорлик қилиш учун ғоят қулай, деб ўйлайман. Ўзбекистон Жанубий Кореянинг Марказий Осиё минтақасидаги асосий савдо ҳамкори ҳисобланади. Жумладан, Корея Республикасининг минтақа давлатлари билан маҳсулот айланмаси ҳажмининг ярмидан кўпи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келиши ҳам фикримни тасдиқлайди.
1 (1).jpg
– Хоразмлик ҳунармандларнинг маҳсулотларига қизиқиб қолдим, – дейди кореялик тадбиркор Ли Су Синг. – Уларнинг қўл ишланмаларини саноатлаштириш ва халқаро бозорга чиқариш лозим. Бу воҳа аҳли азалдан тадбиркорлик, савдо-сотиқ билан шуғулланганини тарихий манбалардан ўргандим. Ўйлайманки, ушбу ташрифим давомида ўзим учун ишончли шерик топаман ва яна кўп йиллар мобайнида ҳамкорлигимиз давом этади.
Бизнес форум доирасидаги тадбирлар мулоқотларга бой бўлди. Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари ва ўз фаолиятини ташкил этиш истагини билдирган вилоятдаги йирик корхоналарнинг 150 дан ортиқ вакиллари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари яқин кунларда янада мустаҳкамланади.
Корея Республикаси делегацияси аъзолари қадимий Хива шаҳрининг тарихий обидаларини томоша қилди.

 

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат), ЎзА