Россия президенти Владимир Путин Украинада тактик ядро қуроли бўлиши Россия учун стратегик таҳдид ҳисобланишини таъкидлади.
– Гап шундаки, Украинада, ҳатто, тактик ядро қуроли пайдо бўлишининг ўзи ҳам биз учун стратегик таҳдидни англатади. Мана шуни эътибордан четда қолдирмаслик керак», – деди Путин. – Украина совет давридаёқ муайян ядровий салоҳиятга эга эди. Бу мамлакатда бир неча ядро блоги мавжуд, ядро саноати етарлича ривожланган. Украинада мактаб бор, айни йўналишда ишлаётган бошқа мамлакатлардан кўра масалани тезроқ ҳал қилиш учун имконият бисёр.
Путиннинг айтишича, украинларга фақат уранни бойитиш тизими етишмайди, холос. Аслида, бу жиддий муаммо эмас, осонгина ҳал қилинадиган иш.
Украина президенти Владимир Зеленский Мюнхен конференциясида хавфсизликни таъминлаш бўйича Будапешт меморандуми иштирокчилари билан музокара ташкил этишини баён қилган эди. Ушбу ҳужжат Ядро қуролини тарқатмаслик бўйича шартномага қўшилгани учун Украинага хавфсизлик кафолати беришни назарда тутади. Зеленский музокара чақиришни ташқи ишлар вазирига топширган. Украина президенти таъкидлашича, агар мулоқот бўлмаса ёки натижа бермаса, яъни Киев учун хавфсизлик кафолати таъминламаса, «Украина Будапешт меморандуми ишламаяпти, дейиш ва 1994 йилги қарорлар тўплами ҳақиқийлигини шубҳа остига олишга тўла ҳақли».