2022 йил 18 февраль куни Барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа тарзида ўтган мажлисни Сенат Раиси Т.Нарбаева олиб борди.

Мажлисда барқарор ривожланиш мақсадларининг 11.2-вазифаси доирасида 2030 йилгача йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш асосида барчага хавфсиз, арзон, қулай ва экологик барқарор транспорт воситаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати кўриб чиқилди.

Хусусан, атроф муҳит ифлосланишини камайтириш ҳамда экологик барқарор транспорт воситаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда электромобилларни олиб кирганлик учун акциз солиғи бекор қилинди ва божхона божининг ноль ставкаси ўрнатилди. Натижада, сўнгги тўрт йилда жами 1 594 та электромобил импорт қилиниб, уларнинг қарийб 90 фоизи (1 411 таси) 2021 йилнинг ўзида олиб кирилган.

Аҳолининг эркин ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида Тошкент метрополитени тармоғи кенгайтирилиб, Юнусобод йўналишида 2 та, Қўйлиқ йўналишида 7 та, Сергели йўланилишида 5 та янги бекат қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Йўл ҳаракатини назорат қилиш мақсадида республика бўйича автомобиль йўлларига жами 1 584 та камера, жумладан 1 154 та кузатув ва 430 та йўл ҳаракати қоидалари бузилганини аниқлаш камералари ўрнатилган.

Мажлисда олиб борилаётган ишлар билан бир қаторда соҳада кузатилаётган тизимли муаммолар ҳам муҳокама қилинди.

Ҳудудларни жамоат транспорти воситалари (автобус) билан таъминлаш жуда суст ташкил этилаётганлиги, транспорт воситалари ва йўл инфратузилмасининг ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилмай қолаётганлиги, автотранспорт воситаларига ноқонуний равишда сиқилган табиий газ баллонларини ўрнатиш ва уларнинг ўз вақтида техник кўрикдан ўтказилмаслик ҳолатлари, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг сони йилдан йилга ортиб бораётганлиги танқид қилинди.

2021 йилда 10 001 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, 2020 йилга нисбатан 43 фоизга, бундай ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар улиши 40 фоизга, шунингдек вафот этганлар сони эса 24 фоизга ортган.

Ҳудуднинг транспорт, иқтисодий, ижтимоий ва экологик шароитларини сезиларли даражада яхшиланишига олиб келувчи аҳолининг велосипеддан кундалик транспорт воситаси сифатида кенг фойдаланишини тарғиб қилиш ишларига эътибор қаратилмаётганлиги, велосипедлар учун махсус йўлакларни қуриш ишлари эса ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги, 2018-2021 йиллар давомида биргина Тошкент шаҳарининг 12 та кўчасида бор йўғи 77 км узунликдаги велосипед йўлаклари барпо этилганлиги Парламент комиссияси аъзолари муҳокамасига сабаб бўлди.

Йиғилиш давомида транспорт вазири И.Махкамов, ички ишлар вазирининг ўринбосари Б.Абдуллаевнинг ҳисоботлари эшитилиб, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари томонидан соҳадаги мавжуд муаммолар юзасидан тушунтиришлар берилди.

Мажлисда Парламент комиссияси аъзолари томонидан шаҳар марказида тирбандликларни камайтириш мақсадида марказга шахсий автомашинада борадиган инсонлар учун автомобилларни жамоат транспорти бекатларида жойлашган бепул ёки чегирмали автотураргоҳларда қолдириб, йўлнинг қолган қисмини жамоат транспортида давом эттириш (Park and Ride) тизимини ривожлантириш зарурлиги таклифи берилди.

Шунингдек, ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш концепцияси, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг кам ҳаракатли гуруҳининг ижтимоий объектлар, транспорт ва муҳандислик инфратузилмаларидан эркин фойдаланиш кафолатларини таъминловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.

Йиғилиш якунида Парламент комиссияси аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олиб, Парламент комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати