Жиноят содир этган шахсларнинг жазодан қутилиб қолиш учун яшириниши, бошқа давлатларга қочиб кетиши учраб туради.

Уларни қидириб топиш, қонун ҳукмига топшириш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдида турган доимий масалалардан бири ҳисобланади

Чунки хавфли жиноятчининг жазосиз қолиши, одамлар орасида бўлиши катта хавф ва бу янги жиноятларга йўл очмаслигига кафолат йўқ.

Қидирувга берилган ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан топиб, ушланаётган шахслар орасида фирибгарлик жиноятини содир қилиб қочиб юрганлар кўпчиликни ташкил қилмоқда.

ИИВ ахборот хизмати хабарига кўра, яқиндагина Қибрай туманида хизмат олиб бораётган йўл-патруль хизмати инспектори «Lacetti» русумли автоуловда кетаётган шахсни тўхтатган. Текширув вақтида тегишли ҳужжатлар йўқлиги аниқлаган.

Маъмурий баённома расмийлаштириш жараёнида фуқарога тегишли маълумот планшет орқали базага киритилганида эса ҳайдовчи A.X. қидирувдаги шахс экани аниқланган ва у шу вақтнинг ўзида ушланган.

Суриштирув ишлари натижасига кўра, ҳайдовчи 1978 йилда туғилган A.X. Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан айбланиб, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Ички ишлари органи (ИИО) фаолиятни мувофиқлаштириш бўлими (ФМБ) томонидан декабрь ойидан буён қидирувда экани маълум бўлди.

Сурхондарё вилояти Бойсун тумани ҳудудида жойлашган “Дарбанд” йўл-патруль хизмати масканида ҳам шундай ҳолат кузатилди.

Хизмат олиб бораётган ходим “Тoyota” русумли автомашина ҳайдовчисига оид маълумотларни планшет мосламаси орқали текширганда, у Сариосиё тумани ИИБ тергов бўлими томонидан қидирилаётган шахс бўлиб чиқди.

Маълум бўлишича, у Жиноят кодексининг 168-моддасида кўрсатилган жиноятни қасддан содир этиб, тергов ва суд органига келмасдан, ўзининг яшаш жойини ўзгартириб юрган.

Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қидирувда бўлган фуқаро Бойсун тумани ички ишлар бўлимига топширилган.

Бектемир туманида жойлашган “Шарқ” йўл-патруль хизмати масканида хизмат олиб бораётган ходимлар пойтахтга кириб келаётган «Tracker» русумли автомобилни тўхтатиб, ҳайдовчига оид маълумотларни текширганда қидирувдаги яна бир шахс аниқланди.

1990 йилда туғилган Ш.Ш.га оид маълумотлар планшет мосламаси ёрдамида, махсус дастур орқали текширилганида, у Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан айбланиб, қидирувдалиги маълум бўлди.

Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқаро Бектемир тумани ИИО ФМБга топширилган.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ички ишлар органлари ходимларининг замонавий техника воситалари билан таъминлангани катта қулайлик яратмоқда. ИИВдан олинган маълумотга кўра, айни пайтда ЖТСБХ ходимларида 1 550 та, ЙПХ ходимларида 4 минг 79 та “бодикамера” мавжуд, планшетлар сони эса 3 минг 514 дона.

Ҳуқуқбузарликлар профилактика хизмати ходимларида 6 минг 196 та планшет мавжуд.

Илгари шубҳали шахс ушланганда унинг шахсини аниқлаш бўйича тегишли тартибда сўров юбориш, натижасини кутишга тўғри келган.

Сир эмаски, жиноят содир этиб қочиб юрганларнинг аксарияти хорижий давлатларга чиқиб кетади. Бундай шахслар Интерпол тизими орқали қидириб топилмоқда.

Бу йўналишда Ўзбекистони Интерполи хорижий давлатлар, хусусан, АҚШ Интерпол миллий марказий бюроси билан ҳамкорлиги натижасида яқинда қидирувдаги бир шахсни ушлаб, юртимизга келтирган.

Ўзбекистон Итерпол миллий марказий бюроси ходимлари томонидан юборилган маълумотлар ва тезкор ҳаракатларига кўра, АҚШдаги мутахассислар халқаро қидирувда бўлган шахсни қўлга олган. Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган тезкор-қидирув тадбир давомида T.A. Нью-Йоркдаги чегара назорат пунктидан ўтаётган вақтда қўлга олинган.

Бу шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасида кўрсатилган жиноят (одам савдоси)ни содир этгани учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Интерпол каналлари орқали қидирувга берилган эди.

Айтиш керакки, айни пайтда ИИВ расмий сайтида қидирилаётган шахслар сони 3 минг 915 та экани қайд этилган.

2022 йилда тизимда қидирувдаги 3 минг шахсни топиш режа қилинган. Маълумотларга кўра, ўтган йилда қидирувдаги 1888 нафар шахслар ушланди, бедарак йўқолган 263 нафар шахс эса топилган. 2020 йилда қидирув эълон қилинган шахсларнинг 2 минг 446 нафари ушланган.

Қидирувдаги шахсларни аниқлаш ва ушлаш ички ишлар барча соҳа ва хизматлари зиммасига юклатилган вазифалардан бири бўлиб, бу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.

Норгул Абдураимова, ЎзА