Хабар берганимиздек, пойтахтимизда аксил коррупция соҳасида Халқаро медиа форум ташкил этилди. Мазкур нуфузли анжуманни ўтказиш ташаббусини Президентимиз коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимида илгари сурган эди.
Форумнинг очилишида сўзга чиққан Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси миссия раҳбари ўринбосари ва ҳамкорлик бўлими раҳбари, доктор Михаэль Виммер соҳада амалга оширилган ишлар, ислоҳот жараёнида журналист ва блогерларнинг ўрни хусусида фикр билдирди:
– Биз Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги билан фаол ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз. Европа Иттифоқи, Германиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги ҳамда GIZ кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат бошқарувини яхшилаш – инклюзив коррупция профилактикаси” лойиҳаси давлат идораларида ҳалолликни мустаҳкамлаш, мазкур иллатга нисбатан мутлақо тоқатсизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган.
Айни жараёнда оммавий ахборот воситалари мутахассислари, фуқаролик жамияти вакиллари ва фаоллари салоҳиятини ошириш ҳам асосий мақсад сифатида белгиланган. Коррупцияга қарши самарали курашиш фуқаролар хабардорлиги ва жамоатчилик фаоллигини оширишга ҳам бевосита боғлиқ.
ОАВ ходимлари ва журналистлар учун коррупция ҳолатларини текшириш ва ёритиш, шунингдек мураккаб иш муҳитида самарали ҳаракатланиш учун зарур восита, билимлардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
Б.Худойбердиев,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА