Бугун, 13 сентябр куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева АҚШ президентининг ногиронларнинг халқаро ҳуқуқлари бўйича махсус маслаҳатчиси Сара Минакара хоним билан учрашув ўтказди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, учрашувда ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий шароитларни яхшилаш ва бу борадаги ишларни халқаро стандартлар асосида ташкил этиш бўйича ҳамкорлик режаларига эътибор қаратилди.

Қайд этилишича, мулоқот давомида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар «Инсон қадри учун» деган эзгу тамойил асосида олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар Сара Минакара хоним томонидан ҳам эътироф этилди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистонда инклюзив жамиятни ривожлантириш ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча соҳалардаги фаоллигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни муҳокама қилди. Шунингдек, ногиронликни эрта аниқлаш, коррекция қилиш, тиббий моделдан инклюзив моделга ўтиш ҳамда сифатни халқаро стандартларга мослаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, имконияти чекланган шахслар учун мақбул муҳитни яратиш, жамиятдаги стереотипларни бартараф этиш ҳамда бу борада давлат ва нодавлат ташкилотларининг вазифалари хусусида ҳам фикр алмашилди.

ЎзА