Яқинда Ўзбекистоннинг “Ўзавиация” агентлиги ва “Қозоғистон авиация маъмурияти” АЖ раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Молдова, Тожикистон ва Ўзбекистон иштирокида “Евросиё Фуқаро авиацияси конференцияси”ни (EACAC – EuraAsian Civil Aviation Conference) ташкил этиш бўйича қўшма ташаббус, шунингдек, парвозлар хавфсизлиги масалалари бўйича идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
“Фуқаро авиациясининг Евроосиё конференцияси” авиация соҳасида ҳар бир давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик концепциясини белгиловчи платформа ҳисобланади.
Дастлабки босқичда EACAC норасмий идоралараро техник ташкилот бўлиб, авиация маъмуриятлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг келажакдаги концепциясини муҳокама қилиш ҳамда қўшма қарорлар қабул қилиш имконини беради.
Учрашув якунлари бўйича томонлар “Евроосиё Фуқаро авиацияси конференцияси – EACAC”ни ташкил этиш ташаббуси тўғрисидаги ҳужжатни имзоладилар.
ЎзА