Маълумки, шу ҳафта Хитой Халқ Республикаси пойтахти Пекин шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг 42-йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йирик анжуман доирасида ШҲТга аъзо мамлакатлар делегациялари раҳбарлари ХХР Давлат Кенгаши аъзоси, жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун билан учрашди.
Мулоқот чоғида юқори мартабали мезбон мулозим таъкидлашича, Хитой тузилмага аъзо давлатлар раҳбарлари эришган муҳим келишувларни тўлиқ амалга ошириш, жумладан глобал хавфсизлик ташаббусини илгари суриш, “Шанхай руҳи”ни тарғиб қилиш, кибер хавфсизликни таъминлаш, уч ёвуз куч – терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашишда амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун барча томонлар билан изчил ишлашга тайёр.
Шунингдек у барчани ШҲТнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш, барча аъзо давлатлар хавфсизлиги ва тараққиёти учун умумий манфаатларни янада самарали ҳимоя қилиш, минтақавий тинчликни сақлаш ва бутун инсониятнинг ягона тақдирига дахлдор хавфсиз ҳамжамият қуриш йўлида бирлашишга чақирди.
М.Сайфуллаев, ЎзА