Германия тараққиёт банки – KfW мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, муҳим лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этмоқда.
Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федератив Республикаси Федерал Канцлери Олаф Шольцнинг Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида делегациялар иштирокидаги музокаралари чоғида ҳам алоҳида қайд этилди.
Хусусан, “KfW” банки ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг молиявий-техник кўмак лойиҳаларига юқори баҳо берилди.
– Биз Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро иқтисодий ҳамкорлик натижасини баҳолаб борамиз, – дейди Германия тараққиёт банки(KfW)нинг Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси директори Aндреас Шнайдер. – Яқинда мамлакатингизнинг Иқтисодиёт ва молия вазирлигида бўлдик. Учрашув манфаатли ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми имзоладик. Буни алоқаларимизнинг янги босқичи дейиш мумкин. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги ишончли ҳамкоримиз. Биз бундан хурсандмиз. Ушбу ташриф барча соҳалардаги ҳамкорликни янги суръатга кўтаришига ишонамиз. Ўзбекистонга ҳар сафар келганимизда катта ўзгаришларга гувоҳ бўламиз. Хусусан, инвесторлар учун жуда қулай имкониятлар кенгаймоқда. “KfW” банки ва Германия ҳукумати тегишли вазирлик ҳамда идораларингиз билан алоқада. Кузатишлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон жуда катта имкониятлар мамлакати. Ҳар соҳада ўзгаришлар, ривожланиш юз бермоқда. Бу тараққиёт учун жуда ҳам муҳим. Шу боис биз бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни ният қилганмиз. Жумладан, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларимиз ўзаро манфаатли бўлади. Бу ўз навбатида йирик компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш имкониятини беради. Туризм ҳам ривожланмоқда. Қадимий шаҳарларингиз хорижий меҳмонларнинг севимли масканига айланган.
Икром Аввалбоев, ЎзА