Қачонки, кўнгиллар яқин бўлса, бундай одамларнинг орасига ҳеч ким туша олмайди. Марказий Осиё халқлари нафақат тили, маданияти, балки дили яқин бўлгани учун ҳам уларда руҳий яқинлик, бир-бирига ҳурмат ва иззат жуда юқори.
Тўғри, уларни баъзан чегаралар, баъзан турли сабаблар бироз ажратган. Лекин бугун бу халқларнинг дўстлиги, ҳамкорлиги янгидан бошланди. Албатта, бу бошидан эмас, азалий қардошлик алоқалари, таъбир жоиз бўлса, бугун юқори пардаларда давом этмоқда.
Бунда, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда кенг кўламли ислоҳотларни бошлаганда, ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида Марказий Осиё минтақасини белгилагани муҳим ўрин тутди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан минтақадаги 5 та давлат етакчиларининг саммити (Маслаҳат кенгаши)ни ўтказиб бориш ташаббусини илгари сургани қардошларнинг бирдамлигига кенг йўл очиб берди.
Бу нафақат минтақамизда, балки бутун дунёда цивилизация бешикларидан бири сифатида тан олинган Хива шаҳрида ўтказилган Марказий Осий парламентлари иккинчи форумида қайта-қайта эътироф этилди. Буни минтақадаги парламентлар раҳбарларигина эмас, балки нуфузли халқаро ташкилот бўлган БМТ вакили ҳам эътироф этиб, юқори савияда ташкил этилган Хива форуми учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева минтақадаги ҳамкорлик формати доимий мулоқот майдони, ўзаро муҳим масалаларни муҳокама ва ҳал этишнинг самарали механизмига айланганини қайд этди. Давлатларимиз раҳбарларининг ташаббуси ва сиёсий иродаси натижасида йўлга қўйилган интеграция жараёнлари савдо-иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги ҳамкорликнинг фаоллашишига кенг йўл очди. Бундан олдин чегара, транспорт, сув ресурслари, савдо соҳаларида бир қатор зиддиятлар бартараф этилган бўлса, бугун минтақадаги ўзаро ҳамкорлик мамлакатларимизни тараққиёт йўлига олиб чиқишда муҳим ўрин тутмоқда.
Хусусан, чегаравий муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарани ҳуқуқий расмийлаштиришни тўлиқ якунлади, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарани делимитация қилди. Чегарадаги ўнлаб ўтказиш пунктлари ўз фаолиятини тиклаб, мамлакатларимиз ўртасида одамларнинг ҳаракатланишини сезиларли даражада осонлаштирди.
Қирғизистон билан чегарадан ўтишда фуқароларимиз учун ички ҳужжат (ID-карта)нинг ўзи етарли бўлмоқда. Худди шундай тартиб Қозоғистон томони билан ҳам муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, минтақадаги тинчлик ва хавфсизлик кўп жиҳатдан Афғонистондаги вазият билан боғлиқлигини инобатга олган ҳолда минтақадаги барча давлатлар бугун ушбу мамлакатдаги барқарорликка ҳарбий ечимсиз, фақатгина ижтимоий-иқтисодий ривожланиш орқали эришиш мумкинлиги бўйича позицияларини шакллантирган.
Форум доирасида Сенат Раиси Т.Норбоева Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон парламентлари палаталари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Унда парламентлараро алоқаларни янги мазмун билан бойитиш, олий даражадаги келишувларни амалга оширишда парламент назоратидан унумли фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Форум доирасида иштирокчилар 4 та панель сессияларга бўлинган ҳолда келгусида амалга ошириладиган ишлар, бу борада парламент дипломатияси имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш бўйича фикр алмашди.
Биринчи панель сессия Марказий Осиё мамлакатлари парламентлараро комиссиялари ва дўстлик гуруҳларининг минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги фаолиятини янада кучайтиришга бағишланди.
Ўзбекистон Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Р.Алимов бошқариб борган мажлисда Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Парламентлар вакиллари кўп асрлик алоқалар, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш учун парламентлараро комиссиялар ва дўстлик гуруҳлари фаолиятини кенгайтириш лозимлигини таъкидлади. Илмий, экспертлик ва ахборот-таҳлил хизматларининг ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйиш, минтақанинг долзарб муаммоларини ҳал этишда комиссиялар, дўстлик гуруҳлари ва қўмиталар фаоллигини янада ошириш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Бу борадаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Иккинчи панель сессияда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда Марказий Осиё мамлакатлари маҳаллий вакиллик органларининг ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Буни чегарадош ҳудудларда кенг йўлга қўйишга келишилди.
Учинчи панель сессияда минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда парламент аёл аъзоларининг фаол иштирокини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди. Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди ҳамда мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар ва имкониятларни бирлаштирувчи муҳим механизм ҳамда воситаларни қўллашга оид чоралар белгиланди.
Форумнинг тўртинчи сессиясида минтақа даражасидаги асосий ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда ёшларнинг иштироки муҳокама қилинди. Ёшлар парламентининг муҳим қарорлар қабул қилишда фаол иштирок этаётгани таъкидланиб, бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш, ўзаро тажриба алмашиш зарурлиги тўйича бир тўхтамга келинди.
Форум доирасида Марказий Осиё давлатлари парламент девонлари раҳбарларининг мулоқоти бўлиб ўтди. Унда форум давомида муҳокама қилинган масалалар ҳамда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар, қайд этилган вазифалар ижросини таъминлашда парламентлар девонлари ходимларининг фаол иштироки алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилди. Учрашув якунида парламентлараро алоқаларнинг ривожланиш динамикасини таҳлил қилиш, минтақа мамлакатлари парламентларининг илмий, экспертлик ва ахборот-таҳлил хизматларининг ҳамкорлик тизимини такомиллаштиришга келишиб олинди.
Шу билан минтақа парламент вакилларининг Хива форуми якунига етди. Форумда қабул қилинган Хива декларациясида кўзда тутилган ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар минтақа халқларининг тинчлиги, турмуши фаровонлашиб боришига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, Бекзодбек Саидов (сурат), ЎзА