Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти туризм соҳаси вакиллари ишчи гуруҳининг 16-йиғилиши бўлиб ўтди.

Туркий давлатлар ташкилоти котибияти ва Ўзбекистон республикаси туризм ва спорт вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва мамлакатимиз вакиллари бевосита, Туркманистон ва Венгрия туризм соҳаси масъуллари онлайн шаклда қатнашди.

Йиғилишда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлат раҳбарларининг 2021 йил 12 ноябрда Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан “Табаррук зиёрат” лойиҳаси доирасида қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва “Қўқон – туркий дунё туризм пойтахти” мақоми орқали ҳамкорликда ҳунармандлар кўргазмалари, этноспорт мусобақалари, маданий меросни сақлаш ва таъмирлаш каби тадбирларни ташкил этишга оид ташаббусларининг ижроси ва бошқа масалалар муҳокама этилди.

– 2021 йил 24 июнда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатлар туризм вазирларининг 6-йиғилишида “Табаррук зиёрат” лойиҳаси асосида ҳамкорликни ривожлантириш белгиланиб, Қўқон шаҳри “Туркий дунё туризм пойтахти” этиб танланганди, – дейди Туркий кенгаш бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов. – Мазкур лойиҳа доирасида ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасида туризм соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш назарда тутилган. Йиғилишда лойиҳада кўзда тутилган халқаро ярмарка, кўргазмалар, фестиваллар, миллий спорт мусобақаларини ҳамкорликда ўтказиш, ташкилотга аъзо давлатлардаги илмий марказлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам фикр алмашдик.

Анжуман доирасида меҳмонлар Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликларни зиёрат қилди, Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА