Халқимиз – болажон. Фарзандлари ўзидан ўзишини, ҳар томонлама ривожланган, баркамол бўлиб улғайишини ният қилиб яшайди. Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга давлат муассасалари билан бирга нодавлат боғчалар ҳам кенг жалб этилаётгани замирида ана шу эзгу орзу-умидларимиз мужассам.
Президентимиз Шаҳрисабз шаҳрида давлат шериклиги асосида ташкил этилган “Вундеркинд” (Билимдон болалар) номли хусусий мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан танишиш асносида асосий эътиборни айни шу масалага қаратди.
Инглиз тили ва компьютер билимларини чуқур ўргатишга ихтисослашган мазкур нодавлат боғчада мактабгача таълимда бола шахсини ривожлантиришга қўйиладиган давлат талабларининг асосий йўналишлари қамраб олинган. Ҳар бир қаватдан кичкинтойларнинг интеллектуал, эстетик ва жисмоний салоҳиятини ўстириш учун унумли фойдаланилган.
Биринчи қаватда мусиқа ва рақс, спорт заллари, шахмат-шашка хонаси, мўъжаз қўғирчоқ театри жойлашган. Иккинчи қаватда овқатланиш, тиббиёт хоналари мавжуд. Учинчи қаватда мактабга тайёрлов гуруҳи ва кичик ёшдаги гуруҳлар учун машғулот хоналари, 2 та ётоқхона ўрин олган. Ҳовлидаги ўйин майдончаси турли аттракционлар билан жиҳозланган.
Президентимиз муассасада яратилган шароитни юксак баҳолади. Мазкур боғча мисолида Шаҳрисабз шаҳрида яна 25 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси барпо этиш, боғча мудираси, Зулфия номидаги Давлат мукофот совриндори Шаҳноза Холмаҳматовага мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиль совға қилиш бўйича топшириқ берди.
Бундай муассасаларни қуришдан асосий мақсад фарзандларимизнинг мактабга тайёр бўлиб чиқишини таъминлашдир, деди давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёев шу ерда Қашқадарё вилоятида хусусий шериклик асосида ҳамда давлат томонидан қуриладиган мактабгача таълим муассасалари дастури тақдимоти билан ҳам танишди.
Матназар Элмуродов, ЎзА