Яхши хабарнинг қўш қаноти бор, дейишади. Рост. Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳудудидаги XII-XIII асрларга оид археологик объект ўрнидан кулол ҳамда чинни буюмлар қолдиқлари топилибди, деган хабарни эшитишимиз билан туман халқ таълими бўлимига қарашли 4-умумтаълим мактаби музейи томон шошилдик.

–Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили мактабимиз жамоаси учун тарихий кашфиётлар, қувончли воқеалар билан бошланмоқда, – дейди тарих фани ўқитувчиси Аралбой Нуржанов. – Янги йил бошида, аниқроғи, 4 январь куни туманимизнинг «Кенегес» овул фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи бир киши ушбу ҳудуддаги даладан эски кулолчилик идиши қолдиғи топиб олганини айтиб, музейимизга топширди. Қизиқиб, эртасига ўзимиз ҳам ўша ерга бордик. Қаранг, омадимиз келиб қадимий нақшлар билан безатилган бир неча кўза ва бошқа кулолчилик ҳамда чинни идишлар қолдиқларини топдик.

Миллий меросимиз, қадимий тарихимиз жонкуяри Аралбой Нуржановнинг ташаббуси, мактаб директори Гулшод Изтлеўованинг қўллаб-қувватлаши билан 2010 йилда мактабда музей ташкил этилган эди. Ҳозир бу ерда 1500 дан зиёд экспонат сақланмоқда. Мўъжазгина музейда қадимий миллий либослар, тақинчоқлар, меҳнат қуроллари билан танишиш мумкин. Шу билан бирга, бу ерда мамлакатимиз тарихига оид, мустақиллик йилларида қўлга киритилган улкан ютуқ ва марраларимиз акс эттирилган, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган хоналар ташкил этилган бўлиб, турли тадбирлар ўтказиб турилади. Бу ишларда Тахиатош тумани ҳокими ўринбосари Р.Ниғматов, туман Халқ таълими бўлими мудири Қ.Бекбаўлиев, таниқли музей ходимларидан А.Пирназарова, Ш.Пахратдинова, В.Матекеева кабилар ўз маслаҳатларини аямайди.


«Кенегес» овул фуқаролар йиғини ҳудудидан топилган буюмлар қолдиғи таниқли археолог олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Ғ.Хўжаниязовга олиб бориб кўрсатилди.

–Ажойиб нақшлар билан безатилган ушбу топилмалар XII-XIII асрларга оид кўза, ундан ҳам аввалги асрларга тегишли кўзачалар ва бошқа кулолчилик идишлари бўлиб чиқди, – дейди академик Ғ.Хўжаниязов. – Келгуси куни археологик буюмлар топилган жойга бориб ўрганиб чиқдик. Овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги экин майдонларида, айниқса, тозаланган ариқлар бўйида эрамизнинг бошларидан то XII-XIV асрларгача бўлган даврга тегишли кулолчилик идишлари қолдиқларини учратиш мумкин. Демак, бу ер археологик объектнинг ўрни бўлган, лекин ушбу ҳудуд шоли майдонларига айлантириб юборилган.

Ўрта аср араб ёзма манбаларида Миздақхон (Ҳозирги Хўжайли тумани маркази) ўзининг ҳудуди ва аҳоли сони бўйича Қият ва Гурганждан (Қўҳна Урганч) сўнгги Жанубий Орол бўйидаги учинчи шаҳар экани қайд этилади. Миздақхон ҳудудида 1200 овул-шаҳар бўлган. Бизнингча, шулардан бири ҳозирги Тахиатош тумани ҳудудида бўлган бўлса керак. Чунки, Тахиатош шаҳри қадимий шаҳар қурилишига эга бўлган ҳудудда барпо этилган. Унга 2000 йили шаҳар ҳудудидан топилган (Кетмончи бобо мозори) эрамизнинг II-IV, VII-IX, X-XIV асрларига оид буюмлар мисол бўла олади. 2012 йили тоғ бошидаги Кетмончи-2 мозори қошидан ўрта асрларга оид минора қолдиқлари ҳам аниқланган эди. Ушбу топилмалар ҳақида илмий анжуманларда маълумотлар берилиб, журналларда мақолалар чоп этилди.

Тарихий манбалардан ўрта асрлардаги халқаро карвон йўлининг бир қисми Бухоро – Варахша – Қизилқум – Шорахан (Тўрткўл) – Кат (Шоббоз-Беруний) – Нузкат – Вайхан – Нуқбоғ – Миздақхон (Хўжайли) – Гурганж (Қўҳна Урганч) йўналишида ўлкамиз ҳудудидан ўтгани маълум. Бизнинг фикримизча, Нуқбоғ (Тоза боғ) Тахиатош тумани ҳудудига тўғри келиши мумкин. Албатта, буни ҳали вақт кўрсатади.

–Янги экспонатлар топилиши билан музейимизга ташриф буюрувчилар сони янада ортди, – дейди Ёшлар иттифоқининг мактабдаги бошланғич ташкилоти етакчиси Гулбаҳор Халқназарова. – Бу ерга нафақат Оролбўйидан, балки қўшни вилоятлардан, ҳатто Германия, Қозоғистон давлатларидан ҳам меҳмонлар келиб, ўзларининг илиқ таассуротларини билдиришди. Бундан ташқари, Нукус шаҳри, Чимбой, Хўжайли ва Кегейли туманлари умумтаълим мактаблари
ўқувчилари музейимизга тез-тез саёҳатга келиб туради.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, XII-XIII асрларга оид буюмлар топилган ушбу ҳудудда яқин кунларда археологик назорат ишлари олиб бориш ва уни Оролбўйининг археологик харитасига киритиш режалаштирилмоқда.

 

Д.Абибуллаев, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири