Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг асосий мазмуни ва моҳиятини кенг хорижий жамоатчиликка етказиш бўйича матбуот анжумани ташкил этилди. Унда хорижий ва миллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С.Отамуродов, ташқи ишлар вазири ўринбосари С.Ниёзхўжаев ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори А.Бурҳонов 2017 йил халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилган йил бўлганига алоҳида эътибор қаратди. Бу тизимнинг асоси бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ўзига хос демократик институти сифатида амалда ўзини оқламоқда.

Ана шу қабулхоналарга бир ярим миллиондан зиёд фуқаро мурожаат қилгани ва йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолар ижобий ечилгани Ўзбекистонда халқ ҳокимияти амалда кенг жорий этилаётганини кўрсатмоқда. Жойларда раҳбарларнинг йўл қўйилган хато ва камчиликларни тезлик билан бартараф этиш юзасидан шахсий жавобгарлиги кучайгани мазкур тизимнинг муҳим натижаси бўлди.

– Президентимизнинг “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғояси асосида мамлакатимизда халқ билан мулоқотнинг ўзига хос тизими яратилди, – дейди Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев. – Халқ билан мулоқотнинг бундай кенг кўламда жорий этилгани аввал амалиётда учрамаган тизимдир.

Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси фақат парламентга эмас, балки бутун халқимизга мурожаати бўлди. Бу жуда кенг кўламли, том маънодаги халқчил маъруза халқ билан мулоқот қилишнинг яна бир ўзига хос шакли бўлди.

Мурожаатномадан кейин турли соҳа ва касб эгалари, оддий фуқаролар унга муносабатини билдирди ва бу жараён ҳали давом этмоқда. Бунинг боиси унда ҳаётимизда мавжуд бўлган ютуқ ва камчиликлар рўй-рост баён қилингани, келгусида амалга ошириш зарур бўлган вазифалар аниқ қўйилгани билан боғлиқ.

Мурожаатнома янги уйғониш даври бошланганидан дарак берди. Шунинг учун ҳам бу нафақат халқимиз, балки бутун дунё жамоатчилигининг эътиборини тортди.

Тадбир иштирокчилари ислоҳотлар инсон манфаатларига қаратилгани билан аҳамиятга эга экани, уларни амалда таъминлаш бугунги куннинг вазифаси эканини таъкидлади. Бу жараёнда жамоат назорати институти имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, қонун ижодкорлиги борасида кўп иш қилиш, қабул қилинаётган қонунларнинг таъсир кучини ошириш, аҳолига энг зарур бўлган соғлиқни сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида таъсирчан механизмлардан фойдаланиш зарур. “Менинг фикрим” веб-портали яратилиши жойлардаги аҳолини қизиқтираётган ва қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётида мамлакатимизга жалб қилинадиган инвестициялар оқимини кучайтириш муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида хорижий давлатлардаги элчихоналар фаолияти тубдан такомиллашади.

Анжуманда 2018 йилги Давлат дастури лойиҳасининг кенг муҳокамаси билан боғлиқ масала бўйича ахборот берилди. Қисқа вақтда аҳолидан 4,5 мингга яқин фикр-мулоҳаза ва таклифлар келиб тушган. Бу 2017 йилги Давлат дастури лойиҳаси муҳокамаси жараёнидагига нисбатан уч баробар кўпдир. 2018 йилнинг 20 январигача бўлган муддатда жамоатчилик муҳокамаси натижалари ва келиб тушган таклифлар таҳлили асосида Давлат дастурининг такомилига етказилган лойиҳаси тасдиқлаш учун киритилади.

Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА