Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Айқулаш” Қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли ташкил этилганининг 65 йиллиги кенг нишонланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов жамоа ва фахрийларни ансамблнинг 65 йиллик юбилейи билан табриклади. Таъкидланганидек, юртимизда Президентимиз раҳбарлигида маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Халқимизнинг бетакрор маданияти ва санъатини ривожлантиришда, уни дунёга танитишда «Айқулаш» Қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу ансамбль жамоаси миллий қўшиқчилик, созандалик ва рақс санъати бўйича мамлакат ва халқаро миқёсда катта муваффақиятларни қўлга киритиб келмоқда.

Ижодий жамоа кўп асрлик бой маданиятимиз билан санъатимизни фақатгина тарғиб этиб қолмасдан, халқимизнинг маънавий дунёсини янада бойитиш, ёш авлодни миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Давлат тадбирларининг концерт дастурлари, республика миқёсида ўтказиб келинаётган умумхалқ байрамлари, фестиваллар ва бошқа маданий тадбирларда «Айқулаш» ансамбли ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Ансамбль жамоасининг Россия, Озарбайжон, Молдова, Украина, Беларусь, Грузия, Арманистон, Жанубий Корея, Хитой сингари бир қатор давлатларда гастроль сафарларида ва фольклор фестивалларида иштирок этиб, халқаро маданий ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиши – бу қорақалпоқ миллий маданияти ва санъатига бўлган ҳурмат, садоқат ва фидойилик намунасидир.

Ансамблнинг 65 йиллиги муносабати билан Нукус шаҳридаги опера ва бахшичилик санъати мактабида “Қорақалпоғистонда хореография санъатининг ривожланиш тарихи” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда қайд этилганидек, жорий йилнинг ўзида жамоа Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикасида бўлиб ўтган VI жаҳон фольклори фестивалида, Туркияда бўлиб ўтган маданият ҳафталигида, Ҳиндистонда бўлиб ўтган халқаро хореография фестивалида муваффақиятли иштирок этиб, қорақалпоқ миллий хореографиясининг сара намуналарини жаҳон халқларига намойиш этди. Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Венгрияда ўтказилган халқаро конгрессда ансамбль фольклор фестиваллари ва халқ амалий санъати ташкилоти халқаро Кенгашига аъзоликка қабул қилинди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан ансамбль жамоасининг бир гуруҳ аъзолари ва нуронийлари Қорақалпоғистон Республикасининг давлат мукофотлари ҳамда кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Тантанали тадбир ансамбль жамоаси ва санъат усталарининг концерт дастури билан якунланди.

 

Довуд Абибуллаев,  

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА