Президент Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни Янги Тошкент шаҳри ҳудудидаги қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишди.

Ушбу янги шаҳарга 2023 йил 18 март куни тамал тоши қўйилган эди. Шу муносабат билан ўтган маросимда давлатимиз раҳбари у “яшил шаҳар” бўлишини айтган эди. Бу ҳаво ва сув тозалиги, муқобил энергия манбалари, дарахтзорлар кўплиги каби мақсадларни ўз ичига олади. “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси шу ердан бошланади. 420 гектар майдонда Марказий боғ барпо этилиб, 200 минг туп дарахт экилади.

Бунинг учун иш ҳозирдан бошланиб, 50 гектар майдонда кўчатхона ташкил этилган. Президентимиз шу ерда бўлиб, навниҳолларни кўздан кечирди. Бўлажак дарахтзорларнинг ландшафт дизайни, суғориш ва парваришлаш тизими ҳақида маълумот берилди.

Ҳозирда кейинчалик кўчириб ўтказиш учун 27 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилган. Шунингдек, иссиқхона, қозонхона, кўчатларни сақлаш ва суғориш тизимлари барпо этилган.

Янги шаҳарда тегишли вазирлик ва идоралар ишини ташкил этиш учун вақтинчалик маъмурий бинолар қурилмоқда. Президентимиз улардаги шароитлар билан ҳам танишди.

Ҳозирда енгил конструкциялардан 4 та бино ва ёрдамчи иншоотлар барпо этилган. Бунда тўлиқ маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланилган. Офислар “open space” услубида бўлиб, ҳар бирида 250 нафаргача ходим фаолият юритиши мумкин.

Бу вазирлик ва идоралар ишини босқичма-босқич шу ерда ташкиллаштириш имконини бериб, Тошкентдаги тирбандликни камайтиришга ҳам хизмат қилади.

Жорий йил 3 апрель куни Янги Тошкент шаҳрида илк иншоотлар қурилиши бошланган эди. Давлатимиз раҳбари бу улкан лойиҳа илм ва таълим масканларидан бошланаётганига урғу бериб, “булар маърифатли жамият барпо этиш ғоямизнинг асоси ва намунаси бўлади”, – деган эди.

Президентимиз ушбу мажмуалар қурилишини бориб кўрди.

Шулардан бири – Ўзбекистон Миллий кутубхонаси. 4 қаватли мажмуа ўз номига мос миллий дизайнда бўлади. Жами 30 минг квадрат метр майдонда бир пайтнинг ўзида 1 минг 420 нафар китобхонга сифатли хизмат кўрсатилади.

Бу ерда кутубхона фондидаги адабиётларни муносиб сақлаш, саноқдан ўтказиш, хавфсизлигини таъминлаш ва стерилизация қилишга мўлжалланган махсус асбоб-ускуналар ўрнатилади. Шунингдек, мажмуа кўп функцияли бўлади. Ташриф буюрувчилар учун 300 ўринли кафе, галерея, енгил спорт ўйинлари ва бошқа қулайликлар ташкил этилади.

– Мен аввал айтганимдек, бизнинг иккита ўқ томиримиз, иккита таянч устунимиз бор: бири – иқтисодиёт бўлса, бири – маънавиятдир. Маънавий буюк халқ – иқтисодий томондан ҳам буюк бўлади. Билимли ёшлар боболаримизга муносиб кенг фикрли, миллий ғурурли, етук инсонлар бўлади. Шунинг учун янги шаҳримиз қурилишини маърифат масканларидан бошлаяпмиз. Булар юз йилга татигулик маънавият, маърифат, илм ўчоғи бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Замонавий кутубхонада ходимлар ҳам шунга муносиб бўлиши, илғор ахборот технологиялари ва хизматларни яхши билиши кераклиги таъкидланди. Шу боис Ўзбекистон Миллий университети ва бошқа ўқув юртларида кутубхоначилар тайёрлаш сифатини ошириш вазифаси қўйилди. Мамлакатимизнинг 14 та шаҳрида кутубхона филиалларини ташкил этиб, ҳудудлардаги аҳолининг ҳам китоб ўқишига қулайлик яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шаҳарда Тошкент давлат педагогика университети ҳамда “Янги Ўзбекистон” университети учун замонавий мажмуалар ҳам бунёд этилмоқда. Президентимиз уларнинг қурилиш жараёнини кўздан кечирди.

Ҳозирги кунда Тошкент давлат педагогика университетининг еттита факультети тарқоқ жойлашган. Биноларнинг аксарияти эскирган.

Шу боис университет учун қирқ гектарлик майдонда 20 минг талабага мўлжалланган ўқув бинолари қурилади. Шунингдек, 5 минг ўринли ётоқхона, 300 ўринли боғча, 616 ўринли мактаб, 588 ўринли академик лицей, спорт ва маданият саройлари, амфитеатр ва бошқа иншоотларни ўз ичига олади. Бир сўз билан айтганда, юқори рейтингли хорижий олийгоҳлар тажрибаси асосида “боғча – мактаб – университет” яхлитлигидаги инновацион педагогик кластер ташкил этилади.

Мажмуада педагог ва талабалар учун энг замонавий қулайликлар ҳозирланади. Дарслар бир сменага ўтказилиши, дуал таълим йўлга қўйилиши эвазига ўқиш ва амалиёт сифатида ўсиш бўлади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Янги Ўзбекистон” университети олий таълим тизимида янги даража бўлди. Унинг ўқув дастурлари дунё рейтингида юқори ўринда турувчи университетлар профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда, Германия стандартлари асосида ишлаб чиқилган.

Бу ерда ўқиш истагида бўлган ёшлар сони йилдан-йилга ортмоқда. Бугунги кунда муассасада минг нафардан ортиқ талаба таълим олмоқда.

Университет учун янги мажмуа қурилиши уч босқичда олиб борилади. Дастлаб ўқув ва ректорат бинолари бунёд этилиши кўзда тутилган.

Якунда ўн минг нафар талабани қамраб оладиган бешта факультет, бир вақтнинг ўзида саккиз минг нафар талабага хизмат кўрсатадиган ректорат биноси қад кўтаради. Кутубхона, музей, кўргазма зали, мультимедиа хонаси, спорт мажмуаси, сузиш ҳавзаси ташкил этилади.

Шунингдек, ўқитувчилар учун 286 ўринли турар жой, талабалар учун 2 минг ўринли ётоқхона қурилиши режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари бу мажмуаларнинг келгусидаги аҳамиятига тўхталиб, ўқув жараёнини оқилона ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.

 Бу маърифат масканлари – ёшларимизга инвестиция. Улардаги йўналишлар, дастурлар, таълим сифати ва касбларда Янги Ўзбекистонимиздаги марралар мужассам бўлиши керак. Бугун билим олаётган ёшлар келажакда мамлакатимизни олдинга бошлайдиган, муаммоларни ҳал этадиган “калит”, – деди Президент.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Янги Тошкент шаҳрида транспорт инфратузилмаси ва муҳандислик тармоқлари қурилиши билан танишди.

Маълумки, мазкур шаҳар 1 миллион аҳоли яшашига мўлжалланган. Инфратузилма шунга мос ва узоқ муддатли бўлиши керак. Шу боис ҳозирги кунда катта ҳажмда ер ости муҳандислик ишлари бажарилиб, улкан бунёдкорликка замин яратилмоқда.

Шаҳарда инфратузилма, турмуш ва экология мутаносиб бўлади. Масалан, экологик транспорт тизими ташкил этилади. Метро ва электробуслар уйғунликда ҳаракатланади. Транспортлар қатнови учун 14 та туннель, 100 минг автомобилга мўлжалланган ер ости тураргоҳлари қурилади. Пиёдалар ҳамда велосипедчиларнинг тўсиқсиз ва хавфсиз ҳаракатланиши учун кенг қулайлик яратилади.

Бугунги кунда бўлажак чорраҳалардан бирида устунлар пойдеворини қуйиш ва гидроизоляция ишлари бажарилмоқда. Президентимиз бу жараённи кўздан кечирди. Келажакни инобатга олиб, қурилишда юқори сифатли ва ташқи таъсирларга чидамли маҳсулотлардан фойдаланиш бўйича тавсиялар берди.

Шунингдек, айни пайтда бир ва икки секцияли муҳандислик коллекторлари қурилиши бошланган. Улар орқали марказлашган иссиқлик ва сув қувурлари, электр энергияси, телекоммуникация каби барча муҳандислик тармоқлари ер тагидан ўтказилади.

Шаҳарда замонавий урбанизация талаблари асосида “ақлли” технологиялар қўлланилади. Юртимизда илк бор “уч генерация” станцияси қурилади. Оқова сувлар ҳам замонавий технологиялар асосида қайта ишланиб, суғориш ва техник мақсадлар учун йўналтирилади.

Давлатимиз раҳбарига Янги Тошкентнинг биринчи босқичида кўзда тутилган лойиҳалар ҳақида ҳам ахборот берилди. Аукцион орқали сотувга чиқарилган ер участкалари ғолиблари ўзларининг инвестициявий лойиҳаларини тақдим этишди.

Шаҳарга кўплаб маҳаллий ва хорижий инвесторлар қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, биринчи босқичда 490 миллион АҚШ доллари қийматидаги 11 та кўп функцияли мажмуа, меҳмонхона ва ресторанлар лойиҳалари бошланган. Турар жойлар, тижорат жойлари ва ижтимоий муассасалар ҳудудни гавжумлаштиради. Меҳмонхона ва ресторанлар, ўзига хос дизайндаги муҳташам бинолар ташриф буюрувчиларга юқори сифатли хизмат кўрсатиши билан бирга шаҳарни туризм марказига айлантиради.

Янаги йилда шаҳарнинг кейинги босқичлари учун ер участкалари босқичма-босқич таклиф қилинади. Ҳар бир босқичда, янги инвестицион имкониятлар ва лойиҳалар тақдим этилади. Бу, ўз навбатида, нафақат шаҳарни ривожлантириш, балки кўплаб янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бизнесни қўллаб-қувватлашга ҳам хизмат қилади.

Умуман, келажакда шаҳарда инновацион технологияга асосланган, юқори даромадли 200 мингта иш ўрни яратилади. Бунинг учун янги технопарклар, IT-парк, таълим ва тиббиёт кластерлари ташкил этилади.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбирлари