Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Йил аёли” миллий танловининг Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётида хотин-қизларнинг иштироки тобора ортаётганини эътироф этди.
Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кенгайтиришга, оилалар фаровонлигини таъминлашга оид миллий тажриба – Ўзбекистон модели амалга оширилмоқда.
Соҳага доир халқаро стандартларга мос миллий қонунчилик такомиллаштирилиб, юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш юзасидан 100га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур, 2030 йилга қадар мўлжалланган гендер тенгликка эришиш Стратегияси қабул қилинди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга доир кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилиб, улар ўз натижасини бермоқда.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилди.
Маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилди ва унга давлат хизматчиси мақоми берилди. Аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати бекор қилинди.
Сиёсий партиялар томонидан депутатликка кўрсатилаётган номзодларнинг камида 40 фоизи ёки ҳар 5 нафаридан 2 нафари аёл киши бўлиши зарурлиги қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилди.
Раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича “Раҳбар аёллар мактаби” курслари ташкил этилди.
Аёллар рақамли иқтисодиёт, информацион технологиялар каби илғор соҳаларга фаол кириб келди. Ихтирочи хотин-қизлар ўртасида “INNOWOMENWEEK” – ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиклари жорий этилди.
Бугун хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи (57 нафар), Сенат аъзоларининг 27 фоизи (16 нафар), маҳаллий кенгашлар депутатларининг 25 фоизини аёллар ташкил этмоқда.
Вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда хотин-қизлар улуши 2018 йилда қарийб 3 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган даврда икки баробар ошиб, 5,7 фоизга етди.
Аёлларнинг улуши тиббиёт тизимида 77 фоиздан кўпроқни, таълим соҳасида салкам 74 фоиз, савдода 49 фоиз, иқтисодиёт тармоқлари, саноат ва ишлаб чиқаришда қарийб 46 фоиз, маданият ва спортда 45 фоиз, қишлоқ хўжалигида 42 фоиздан зиёдни, молия ва суғурта фаолиятида 37 фоиздан ортиқни, ахборот ва алоқа хизматида 35 фоиз, профессионал, илмий ва техник фаолиятда қарийб 34 фоизни, давлат бошқаруви ва мудофаа тизимида 27 фоиздан кўпроқни ташкил этмоқда.
Жорий ўқув йилида республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизлар улуши 52,2 фоизни ташкил этмоқда.
Гендер тенглик соҳасидаги эришган ютуқларимиз халқаро даражада муносиб эътироф этилмоқда. Ўзбекистон 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплади.
Натижада 2022 йил қайд этилган 103-ўриндан 51 поғонага кўтарилиб, 52-ўринни эгаллади. Ушбу индекс 158 та мамлакатни қамраб олиб, гендер тенгликка эришиш йўлида муваффақият ва камчиликларни аниқлаш имконини беради.
Хотин-қизларни IT va STEM соҳаларига фаол жалб этиш; қизлар учун рақамли кўникмалар бўйича таълим дастурларининг ишга туширилиши; Аёллар ҳуқуқларини ҳимоялаш ва гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар; Бошқарув, таълим, IT, меҳнат, тадбиркорлик ва зўравонликнинг олдини олиш соҳаларидаги ижобий натижалар Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда.
Аёл раҳбарларнинг янги авлодини шакллантиришда таълимга бирламчи омил сифатида қаралиб, хотин-қизларга таълим, илм-фан билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилди.
Тадбиркор аёллар сони икки ҳисса ортиб, 205 минг нафарндан ошди. Аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларга имтиёзли шартлар асосида кредитлар ажратиш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда.
Ташаббускор, бой ҳаётий тажрибага эга фаол ва фидойи аёлларни ўзига бирлаштирган “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил этилди.
“Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди. Ёш хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, рағбатлантириш борасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тизими такомиллаштириб борилди.
17 нафар аёл энг олий мукофот – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди.
Бугун юртимизда хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар натижасида фаол ва юксак салоҳиятли аёллар сафи кенгаймоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги Фармонининг 2-иловаси билан тасдиқланган Миллий дастур ҳамда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2022 йил 27 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ, “Йил аёли” миллий танловини ўтказиш белгиланган.
Танлов низомига кўра Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган 35 ёшдан юқори ҳамда ўз йўналиши бўйича фаолият билан камида 5 йилмобайнида узлуксиз шуғулланиб келаётган аёллар, шунингдек, уй бекалари танловда иштирок этишлари мумкин.
Жорий йилда “Йил аёли” танловининг туман (шаҳар) босқичларида 3 минг 91 нафар аёл қатнашди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида 1 минг 146 нафар аёл қатнашиб, уларнинг 150 нафари танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
“Йил аёли-2024” танловида аёллар фаолияти 12 та номинация бўйича баҳоланди. Булар, “Йилнинг энг ватанпарвар аёли”, “Йилнинг энг фаол олима аёли”, “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли”, “Энг фаол яшил макон тарғиботчиси”, “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли”, “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли”, “Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси”, “Йилнинг энг яхши чилангар аёли”, “Йилнинг энг яхши уй бекаси”, “Йилнинг энг жонкуяр устози”, “Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси”, “Йилнинг энг янги ғоялар ташаббускори”.
1-ўринга Хоразм вилояти Гурлан тумани 36-мактабгача таълим муассасаси мудираси, 2021йилдан «Gurlan export» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Манзура Машарипова сазовор бўлди.
2-ўринга Фарғона шаҳар “Тантана текстиль” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зебинисо Хайруллаева, 3-ўринга Сурхондарё вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бўлими бошлиғи, подполковник Ўралтош Эшимова муносиб топилди.
Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий маҳорат мактаби мураббий-ўқитувчиси Нигора Полвонова Олий ўрин – гран при соҳиби бўлиб, Президент совғаси – автомобиль билан тақдирланди.
Мукофотни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева топширди.
– Ўзининг бор кучи, салоҳияти, билими, меҳри ва саховатини халқимизга бахшида этаётган Президентимизга чин юракдан миннатдорлик билдираман, – деди «Йил аёли – 2024» танловининг республика босқичи Олий мукофоти соҳибаси Нигора Полвонова. – Мамлакатимизда кўплаб спорт объектлари қурилмоқда. Бу юртда ҳалол меҳнат доим қадр ва эътибор топади.
«Йил аёли” миллий танловининг Республика босқичининг якуний жараёни байрамона ва баланд руҳда ўтди.
Назокат Усмонова,
Рустам Назарматов (сурат), ЎзА