Бугун Корея Республикаси собиқ Президенти Юн Сок Ёлнинг 1200 га яқин тарафдори давлат раҳбари қароргоҳи олдида йиғилди деб ёзган “Yonhap” ахборот агентлиги.

Терговчилар Президентни ҳибсга олмоқчи бўлган. Aввалроқ қароргоҳ атрофида тартибни сақлаш учун 2 700 га яқин полициячи сафарбар этилгани хабар қилинган эди.

Намойишчилар қўлга олиш ордерининг ноқонунийлиги ёзилган шиорлар кўтариб олган.

Юн Сок Ёль ўзини қўллаб-қувватлаётганларга мурожаат қилиб, уларнинг саъй-ҳаракатини ҳар куни ижтимоий тармоқ орқали кўраётганини айтган. Шунингдек, “Конституциявий тузум, эркинлик ва демократияни ҳимоя қилаётгани” учун тарафдорларига миннатдорлик билдирган.

Aввалроқ Сеулнинг Ғарбий тумани суди Коррупция амалиётини тергов қилиш бошқармаси (CIO) полиция ва Мудофаа вазирлиги Тергов департаменти вакилларидан иборат тергов гуруҳи талабига кўра, Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш ва турар жойида тинтув ўтказиш учун ордер берган эди.

Ушбу буйруқни бажариш учун 150 киши, жумладан 30 нафар CIO зобити ва махсус полиция бўлимининг 120 ходими сафарбар этилган. 80 киши қароргоҳга кирган, 70 нафар полициячи ташқарида кутган. Кейинроқ қўшимча операция кучи ҳам жараёнга жалб қилинган. Президент хавфсизлик хизмати терговчиларга қароргоҳ биносини тинтув қилишга рухсат бермаган.

Бугун муваффақиятсизликка учраган тақдирда, терговчилар 6 январгача, яъни ордер амал қиладиган муддат ичида Президентни ҳибсга олиш учун яна бир бор уриниб кўриши мумкин. Бинобарин, дам олиш кунлари қароргоҳ атрофидаги намойишчилар кўпайиб, қўлга олиш опреациясини янада қийинлаштириши кутиляпти.

“Korea Information Research” тадқиқот компанияси “Чхончжи Ильбо” нашри буюртмаси билан 29-30 декабрь кунлари 18 ёшдан ошган 1008 нафар фуқаро ўртасида сўров ўтказган. Тегишли маълумотга кўра, Президент Юн Сок Ёлнинг рейтинги сезиларли даражада ошиб, 36.1 фоизга етган. Шунингдек, респондентларнинг 44,7 фоизи давлат раҳбарига нисбатан импичмент миллий манфаатга зид, деб ҳисоблайди.

Маҳаллий “PS News” нашри ёзишича, қўллаб-қувватлов кайфияти нафақат ҳукмрон “Фуқаролик кучи” партияси тарафдорлари, балки аҳолининг мўътадил ва илғор гуруҳлари орасида ҳам кузатилмоқда.

Aгар Юн Сок Ёль ҳибсга олинса, сўроқ қилиш учун Департаментга олиб кетилади ва қонун бўйича 48 соат ушлаб турилиши мумкин. Шу вақт ичида тергов тегишли қарор чиқариши керак. Aгар қамоқда узоқ муддат ушлаш учун рухсат сўралса, суд гумондорни ҳибсда сақлаш ёки сақламаслик бўйича қарор қабул қилади.

Aйни пайт ҳукмрон партия қароргоҳда тинтув ўтказилишини ва ҳибс учун берилган ордерни ноқонуний, деб даъво қилмоқда. Юн Сок Ёлнинг адвокати Юн Гап Кеун терговчиларнинг амалдаги Президентни қўлга олишга уринишларига жавобан, қонуний чора кўриш ниятидалигини айтди. Партия фаоллари ордер берган судьяга нисбатан импичмент билан таҳдид қилган.

Гўзал Сатторова, ЎзА