ФОТОРЕПОРТАЖ

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти қошидаги ахборот-ресурс марказида талаба-ёшлар ва китобхонларга сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган.

Марказ бадиий, илмий ва хорижий тиллардаги адабиётларга бой бўлиб, умумий китоб фонди 16 минг 617 номдаги 179 минг 830 дан зиёд китобни ташкил қилади. Ҳозирда марказга аъзо бўлган китобхонлар сони 13 минг 700 га яқин.  Рўйхатдан ўтиш, электрон каталогдан фойдаланиш, ўқув ва компьютер заллари доим талабалар ва илмий изланувчилар билан гавжум.

Талаба-ёшлар орасида китобхонлик маданиятини ошириш ва уни кенг турда тарғиб қилиш мақсадида ахборот-ресурс марказида “Китобсеварлар клуби” ташкил қилинган. Бу ерда клуб аъзолари ва ахборот-ресурс маркази жамоаси ҳамкорлигида ёзувчи ва шоирлар, профессор-ўқитувчилар, тарихчилар иштирокида бадиий кечалар, илмий-амалий анжуманлар, янги китоблар тақдимотлари, китоблар кўргазмалари ва кўрик-танловлар доимий ташкил этилади.

Марказ ходимлари фондга тўпланган адабиётларнинг электрон нусхасини “Электрон кутубхона” платформасига жойлаштириш ишларини ҳам изчил олиб бормоқда.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА