Мамлакатимизда уй-жойга бўлган эхтиёж сезиларли даражада кўтарилиб бормоқда. Ипотека кредитига уй-жой олишда аҳоли маблағларини кафолатлаш бўйича эскроу тизими жорий этилмоқда.

Ушбу тизим ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Нодира Жонибекова ўз фикр-мулоҳазаларини бирдирди:

– Кейинги йилларда уй-жой қурилиши соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш борасида қатор ишлар амалга ошириляпти. Уй-жойга талаб юқорилиги натижасида уй-жой қурувчилар секторига гигант девелоперлар билан бирга ўрта ва кичик қурилиш ташкилотларини тузаётган тадбиркорлар ҳам шиддат билан кириб келди.

Маълумки, буюртмачи лойиҳа доирасида ер харид қилиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш ҳамда қурилиш жараёнидаги ер ишларини ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади. Шунингдек, тадбиркор уй-жой қуриш учун махсус қурилиш техникасини ишлатади,  ишчилар маошига харажат қилади, давлатга мажбурий йиғим ва солиқларни тўлайди, харажатлари учун  банкдан олган кредитлари учун фоизларни қайтаради. Натижада уй-жойлар нархида доимий кўтарилиш тенденцияси кузатилмоқда.

Қурилиш ташкилотлари уй-жойнинг таннархини пасайтириш мақсадида нафақат ўз маблағлари, балки харидор бўлаётган инсоннинг маблағларини жалб қилишни таклиф қилади.  Шу сабабли кўпчилик инсонлар янги уй-жойларни харид қилишда ҳали қурилиши битмаган уй-жойнинг фақат бир қисмини қурилиш ташкилотига олдиндан тўлаб, қолган қисмини аста-секин маблағ йиғиб, уй битгунича тўлашни режа қилади.

Бироқ, тўлов тизимининг тартибга солинмагани, рақамлаштириш ва очиқликнинг йўқлиги айрим ҳолатларда қурувчи компаниялар томонидан харидорларнинг алданиб қолишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, янги уй-жойларни харид қилмоқчи бўлган харидорлар пулини банк орқали эмас, тўғридан-тўғри қурувчига бераётгани ушбу маблағлар “соя”да қолишига олиб келмоқда.

Аҳоли янги уйга тўлаган маблағлар бўйича улушдорлик шартномалари ҳеч қаерда рўйхатга олинмаганлиги  сабабли ҳам инсофсиз қурувчи ташкилот томонидан уй-жой қурилиши муддатларини чўзиш, қурилиш объектини жиддий камчиликлари билан харидорга мажбурий топшириш ёки умуман уй-жой тақдим этмаслик ва харидорга тўланган маблағларни қайтармаслик каби салбий ҳолатлари кўпайяпти. Бу эса, ўз навбатида, барча қурилиш компаниялар имиджига путур етказмоқда ва фуқароларнинг барча қурилиш ташкилотларига ишончсизлигини кучайтиришга замин яратмоқда.

Уй-жой қурилиши соҳасидаги юқорида келтирилган муаммоларни бартараф этиш мақсадида мамлакатимизда аҳоли маблағларини кафолатлаш тизими (эскроу тизими)ни жорий этиш таклифи илгари сурилмоқда.

2024 йил 23 сентябрь куни мамлакатимиз раҳбари томонидан мутасадди вазирлик ва идораларга эскроу тизимини киритиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш вазифаси қўйилган эди. Бугунги кунда ушбу вазифани бажариш мақсадида эксроу тизимининг афзал ва салбий томонлари ўрганилиб, кўчмас мулк учун ҳисоб-китоблар банкдаги эскроу (Escrow) ҳисобварағи орқали амалга ошириладиган тизим  ёрдамида уй-жой қурилиши соҳасида инсофсиз бизнес қилаётганларга имконият қолдирмаслиги аниқланди.

Эскроу ҳисоб — бу кўчмас мулк харидорини ҳимоя қилишни таъминловчи махсус банк тизимидир. Мазкур тизимга кўра, буюртмачи ва тижорат банклари ўртасида тузиладиган шартномага асосан ҳар бир қурилиш иншооти бўйича эскроу ҳисобварағи очилади. Кўчмас мулки учун келишилган маблағлар ушбу ҳисобварағига вақтинча киритилади ва қурилиш тугаб, уй фойдаланишга топшириш вақтигача музлатилади. Фақат қурувчи харидорга уйни тўлиқ топширгандан кейин эскроу ҳисобварағидаги маблағлар қурилиш ташкилоти ҳисобига ўтказилади. Қурувчи ўз мажбуриятини бажармаган тақдирда бу маблағ эгасига қайтариб берилади.

Эскроу ҳисобварағида йиғиладиган маблағлар асосида тижорат банклари буюртмачига пасайтирилган фоизда кредит тақдим этиши мумкин. Эътиборли жиҳати шундан иборатки, ушбу ҳисобварағида турган маблағлар мажбурий ундирувга қаратилмайди.

Эскроу тизими АҚШ, Австрия, Италия, Латвия, Чехия, Бирлашган Араб Амирлиги, Россия Федерацияси мамлакатларида жорий этилган ва муваффаққиятли ишлаб келмоқда. Хорижий мамлакатлардаги бу соҳадаги тажриба таҳлили ҳамда мутахассисларнинг хулосалари шуни кўрсатмоқдаки, ушбу янги тизим томонлар ўртасидаги ишончни таъминлашга, ҳар икки тарафнинг манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда молиявий муносабатларни хавфсиз ва самарали амалга оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон эса бу соҳада илк қадамни босмоқда. Эскроу ҳисобварақлари дастлаб Самарқанд шаҳри, Тошкент шаҳрининг Сергели ва Янгиҳаёт туманларида синовдан ўтказилади. Синов натижалари асосида эскроу тизимининг самарадорлиги баҳоланади, шунингдек, кўчмас мулк бозорига таъсири ўрганилади.

Албатта, янги тизим тўлақонли ишга туширилиши учун эскроу тизими бўйича пул топширган фуқароларнинг тижорат банкларида маблағларини сақланиш тартибини ҳам ишлаб чиқиш лозим бўлади.  Шунингдек, тизимнинг келгуси ривожланиши учун қўшимча механизмларни жорий этиш бўйича тадқиқотлар олиб борилиши зарур.

Умуман олганда, уй-жой қурилиши соҳасида харидорлар ҳуқуқлари кафолатланиши билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат диққатга сазовор. Ўйлаймизки, қурилиш соҳасидаги бундай ўзгаришлар маҳаллий ва хорижий инвестициялар оқимини кўпайтиради. Натижада мамлакатимизда иқтисодий ўсиш суръатлари яхшиланиб, фуқароларимизнинг ҳаётини фаровонликка етаклайди.

Муҳтарама Комилова тайёрлади, ЎзА