2025 йил 1 январдан қонунчиликда бир қатор ўзгаришлар кучга киради. Хусусан, барча тиббиёт муассасаларида фармацевтика маҳсулотлари хариди марказлаштирилган тартибга ўтказилади, давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун тўловнинг янги миқдорлари белгиланади, букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади ва бошқалар…

1 январдан миллий қонунчиликда қуйидаги ўзгаришлар кучга киради:

Барча тиббиёт муассасаларида фармацевтика маҳсулотлари хариди марказлаштирилган тартибга ўтказилади

“Фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан босқичма-босқич барча тиббиёт муассасалари томонидан марказлашмаган тартибда харид қилинадиган фармацевтика маҳсулотлари хариди марказлаштирилган тартибга ўтказилади.

Айрим таълим ташкилотлари коммунал харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади

“Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва ушбу жараёнга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш имкониятларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан:

– нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан бозор фоиз ставкаларида миллий валютада ажратиладиган, қиймати 20 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича, фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этилади;

– нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари учун биноларни янгидан қурган ёки ўзининг бино ва иншоотларида умумий ўрта таълим фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга ушбу таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ бўлган коммунал харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади;

– 2030 йил 1 январгача юридик шахсларга ўз маблағлари ҳисобидан нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари биноларини қуриш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг фойда солиғини ҳисоблашда 2 йил давомида тенг улушларда чегириб ташлаш ҳуқуқи берилади.

Статистика кузатувларини амалга оширишда ОТМлар жалб қилинади

“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан статистика кузатувларини амалга ошириш жараёнига консалтинг компаниялари, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари жалб этилади.

Қурилиш харажатларни баҳолашда ҳажм ва сифат кўрсаткичларини ҳисобга олишга ўтилади

“Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнларини самарали ташкил этишнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш ва объектларни фойдаланишга қабул қилишда қурилиш харажатларни баҳолашнинг “ҳажм” услубига (ҳажм ва сифат кўрсаткичларини ҳисобга олишга) ўтилади.

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун тўловнинг янги миқдорлари белгиланади

«Давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови микдорларини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ҳукумат қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб амал қиладиган давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорлари қуйидагича белгиланади.

Букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади

“Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 январдан:

– интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади;

– лотерея, интернет тармоғида ўйинлар ва букмекерликни ташкил этиш фаолиятлари қонунчиликка мувофиқ Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ваколатли орган) томонидан бериладиган лицензиялар асосида амалга оширади.

Шунингдек, 5 йил муддатга лотерея ҳамда интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини солиққа тортишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби белгиланади:

– лотерея, интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ёки букмекерлик фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар лотерея, интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятидан ёки букмекерлик фаолиятидан олинган жами даромадидан тўланган ютуқлар ва қайтарилган ставкалар чегирилган ҳолда 4 фоиз ставкасида айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари ҳисобланади;

– жисмоний шахсларнинг лицензиялар асосида ўтказиладиган лотереялар ҳамда интернет тармоғидаги ўйинлардан ва букмекерлик гаровидан олинган ютуқлар сифатидаги даромадлари даромад солиғи тўлашдан озод этилади.

Айрим қурилишлар бўйича техник назорат хизматини кўрсатишга тадбиркорлар жалб қилинади

“Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнларини самарали ташкил этишнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича техник назорат хизматини кўрсатишга, тажриба тариқасида қурилиш (таъмирлаш) ишлари янгидан бошланадиган мактаб, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида аутсорсинг асосида тадбиркорларни жалб қилишга рухсат берилади.

Тазйиқ ва зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахсларнинг реестри юритилади

“Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг реестри юритилади.

“subsidiya.mf.uz” платформасида тадбиркорларга бериладиган қўллаб-қувватлашларнинг реестри юритилади

“Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни тақдим этиш тартибларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, “subsidiya.mf.uz” платформасида тадбиркорларга тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чораларининг турлари, муддатлари ва тартибини ўз ичига олган алоҳида реестр юритилади.

Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади

“Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 январдан:

— жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилади;

— жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилади;

— жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартиби белгиланди;

— тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади;

— тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими такомиллаштирилади

“Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини касбий ривожлантиришнинг қуйидаги тартиби жорий этилади, жумладан:

— мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини касбий эҳтиёжлари ва малака тоифасидан келиб чиқиб табақалашган таълим дастурлари асосида узлуксиз касбий ривожлантиришнинг вертикал тизими (вазирлик – малака ошириш муассасаси – таълим ташкилоти) йўлга қўйилади;

— мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг ходимлари учун 5 йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда ўтказиладиган малака ошириш курслари жорий қилинади.

Шунингдек, педагог ва мутахассис кадрлар касбий ривожланишининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида барча умумий ўрта таълим муассасаларида малака оширишнинг “Касбий ривожланиш соати”, таянч умумий ўрта таълим муассасаларида эса, шунингдек, “Касбий ривожланиш куни” каби шакллари босқичма-босқич жорий этилади.

“Хавфларни бошқариш” қўмиталари тузилади

“Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 январдан молиявий ва бошқа хавфларнинг олдини олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган йирик ташкилотларда уларнинг биринчи раҳбарлари бошчилигида коллегиал асосда “Хавфларни бошқариш” қўмиталари тузилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратилади

“Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан белгиланган фаолият турлари бўйича лицензия беришда объектда шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларга тўсиқларсиз муҳит яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосасини олиш талаб қилинади.

Фуқаролар қабули ва сайёр қабулларни ўтказишда мажбурий тарзда сурдотаржимон иштироки таъминланади

Юқоридаги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан:

— вазирлик ва идоралар, уларнинг тизим ташкилотлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектлар фуқаролар қабули ва сайёр қабулларни ўтказишда мажбурий тарзда сурдотаржимон иштирокини таъминлайди;

— вазирлик ва идоралар, уларнинг тизим ташкилотлари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича бир нафар ходими сурдотаржимонлик курсларида ўқитилади.

Умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади.

Шунингдек, умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга 2028 йил 1 январгача ҳар ойнинг 25 санасига қадар тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қуйидаги миқдорларда республика бюджетидан қайтариш тизими жорий этилади:

ойлик товар айланмасининг нақд пулсиз қисми:

— 60 фоиздан ошган умумий овқатланиш корхоналарига – бюджетга тўланган ҚҚСнинг 40 фоизи;

— 60 фоиздан кам умумий овқатланиш корхоналарига – бюджетга тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи;

туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга – бюджетга тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи.

Айрим ер участкалари бўйича солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг солиқ ва божхона имтиёзларини беришни назарда тутувчи айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 январдан:

— йўловчиларни ягона тарифлар бўйича ташиш хизматларини кўрсатиш айланмаси ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ягона иштирокчиси ҳисобланган юридик шахслар томонидан реализация қилинадиган товарлар ва хизматлар учун ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинади;

— янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилиш тарзидаги имтиёзни бекор қилган ҳолда, мазкур ер участкалари бўйича солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади.

Камбағал оилалар реестрига киритилган оиланинг аъзоси ишга жойлашганда ижтимоий солиқ 1 фоиз ставкада тўланади

“Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 январдан:

— кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам олаётган оилаларнинг расмий банд бўлмаган аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганда ушбу нафақа ва моддий ёрдамни уларнинг муддати тугагунга қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўлаш давом эттирилади;

— меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1 фоиз ставкада тўланади;

— камбағал оилаларга кўмак чоралари ижтимоий шартнома асосида меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқасидан самарали фойдаланиш (экин экиш), оила аъзолари, шу жумладан, фарзандларининг билим олиши, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши ҳамда соғлиғини назоратга олиши, уй-жойини озода тутиши каби шартлар инобатга олинган ҳолда кўрсатилади.

Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчиларни баҳолаш тизими жорий этилади

“Республикада агросаноат соҳасига янги бозор механизмларини жорий этиш ҳамда саноатлашган боғ ва токзорларни барпо қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 январдан:

— иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосилли боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш, улар ўрнида интенсив боғ ва токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисида хулосани қабул қилувчи туман (шаҳар) комиссияси томонидан иқтисодий жиҳатдан самарасиз ва кам ҳосилли боғ ва токзорлар деб хулоса берилган санадан бошлаб 12 ой давомида янги боғ ёки токзорлар барпо этилмаган тақдирда ушбу боғ ва токзорлар жойлашган майдонлар учун ер солиғи 3 бараварга оширилади;

— ташаббускорлар янги боғларни барпо этишда ўз эҳтиёжлари учун хорижий давлатлардан белгиланган рўйхатдаги пайвандтагли мевали кўчатлар ва пайвандтаглар, пайвандустлари, оналик материаллари ва техникаларни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи ва божхона божларидан озод этилади.

“Ишга марҳамат” мономарказларида иш берувчилар талабига асосан тезкор курслар ташкил қилинади

“Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари негизида касбий кўникмалар марказлари ташкил этилиб, иш берувчилар талабига мослашувчан ўқитиш муддати ва вақтини назарда тутувчи тезкор курслар ташкил қилинади.

Камбағал оилалар фарзандлари давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинади

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш доирасида камбағал оилалар фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли асосда қабул қилинади.

Умиджон Қурбонов тайёрлади, ЎзА