Давлат божхона қўмитасида Марказий божхона лабораториясига Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий мақоми берилишига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.

Унда Жаҳон божхона ташкилотининг Бош котиби Кунио Микурия, Жахон Банкининг Ўзбекистондаги вакили Рауль Феликс Юнкера-Варела, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, ҳамда Россия Федерацияси божхона лабораториялари вакиллари, Марказий аппарат шахсий таркиби ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Бугунги кунда Жаҳон божхона ташкилотининг бой тажрибаси, бевосита Кунио Микурия раҳбарлиги остида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар ва татбиқ этилаётган инновацион ташаббуслар ташкилотнинг нуфузини янада юқори даражага кўтармоқда.

Президентимизнинг божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича ташаббуслари асосида сўнгги йилларда соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2019 йилда Кунио Микуриянинг Ўзбекистонга бўлган ташрифидан сўнг, Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси”га биноан Ўзбекистонда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо соҳасида халқаро даражада эътироф этилган ҳужжатлар – Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича Киото Конвенцияси ва Вақтинча олиб кириш бўйича Истанбул Конвенциясига қўшилгани мамлакатимиздаги тадбиркорлик ва инвестиция муҳитининг жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

“Ягона дарча” божхона миллий тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Жаҳон божхона ташкилотига аъзо давлатларнинг “Ягона дарча” тизимини қўллаш бўйича стандартлари, амалиёти ўрганиб чиқилди ва амалиётга тадбиқ этилди.

Яна бир маълумот, Ўзбекистон божхона ходимлари учун Жаҳон божхона ташкилотининг “Электрон божхона академияси” ҳамда CLiKC (Божхона таълимоти ва ўқув тизими) электрон таълим порталидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Бундан ташқари Жаҳон божхона ташкилоти ҳамкорлигида Давлат божхона қўмитаси Минтақавий кинология ўқув маркази кадрлар салоҳиятини ошириб бормоқда.

 

Ўтган даврда божхона органлари фаолиятини янада самарали ташкил қилиш ҳамда товар ва транспорт воситаларини божхона чегаралари орқали олиб ўтишда қулай шароитлар яратиш борасида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, божхона органлари фаолиятини тизимли тарзда ривожлантириш учун 2020-2023 йилларга мўлжалланган Концепция ва “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Шунингдек, мамлакатимизда ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи “Е-ТIR” лойиҳаси синов тариқасида амалиётга жорий этилди. Мазкур халқаро лойиҳа божхона расмиийлаштирувини енгиллаштириш орқали ташқи савдони жадаллаштириш имконини бериб, айни шу жиҳати билан барча ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг манфаатларига бирдек хизмат қилмоқда.

Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегарада жойлашган божхона постлари ўтказувчанлигини ошириш ва инфратузилмасини янада яхшилашни тақозо этади. Шу мақсадда “Айритом”, “Олот”, “Яллама”, “Фарғона”, “Ғишткўприк” чегара божхона постлари янгича замонавий қиёфа касб этиб, дунёнинг илғор технологиялари билан жиҳозланди.

Чегара божхона постларида қўшимча 4 та замонавий инспекцион-кўрик мажмуаси ўрнатилди. Мазкур ислоҳотлар натижасида ҳозирда янги Ўзбекистон божхонаси нафақат минтақада, балки дунёда илғор божхона маъмуриятига айланмоқда.

Бугунги кунга келиб божхона органлари фаолиятига божхона мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган 67 та автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва  33 та интерактив хизматлар жорий қилинди. “Автоматлаштирилган тарзда чиқариб юбориш”, “Божхона аудити”, “Е-Транзит” каби бир неча автоматлаштирилган ахборот тизимлари амалиётга жорий этиш чоралари кўрилмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 10 сентябрдаги “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан Давлат божхона қўмитасининг божхона органларининг умумий чекланган штатлар сони доирасида Давлат божхона қўмитаси тизимида алоҳида юридик шахс мақомига эга Марказий божхона лабораторияси ташкил этилди.

Мазкур қарорга мувофиқ, никотин сақловчи маҳсулотлар ва спиртли ичимликлар таркибини аниқлаш, товарларни экспертизадан ўтказиш ва сертификациялаш билан боғлиқ бўлган бошқа хизматларни кўрсатиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва бошқа турдаги криминалистик суд экспертизаларини амалга ошириш имкониятига эга бўлди.

Мазкур ислоҳотларнинг давоми сифатида, шунингдек, Марказий Осиё минтақасидаги лабораториялар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Жаҳон божхона ташкилотининг Марказий Осиёдаги салоҳиятини янада ошириш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясига Жаҳон божхона ташкилотининг Минтақавий божхона лабораторияси мақоми берилди.

Тадбирда Англашув меморандумини имзолаш маросими бўлди. Ушбу мақомга лойиқ деб тан олиниш, узоқ муддатли машаққатли меҳнат натижасидир.

– Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона лабораториясини жаҳон стандартлари даражасига етказиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди, – дейди Марказий божхона лабораторияси бошлиғи ўринбосари Баҳром Даутов. – Лабораториянинг барча хоналари Жаҳон божхона ташкилоти стандартлари асосида лойиҳалаштирилган ва қурилган, хавфсизлик қоидаларига тўлиқ амал қилинган ҳолда фаолият олиб борилади. Етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг энг замонавий юқори технологик, юқори аниқликка эга ускуналари билан жиҳозланган. Марказий божхона лабораториясини халқаро “ISO 17025-2019” стандарти талабларига мослиги аниқланиб, тегишли аккредитация гувоҳномаси берилди.

Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясига минтақавий божхона лабораторияси мақомини берилиши божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштиришда ўз самарасини беради.

Минтақадаги давлатлар божхона лабораториялари билан ҳамкорликда тадқиқот ва ишланмалар ҳамда таҳлилий шарҳлар тайёрлашга замин яратилди. Марказий божхона лабораторияси минтақадаги божхона хизматларига маслаҳатлар, тавсиялар бериш, уларнинг мутахассисларини ўқитиш бўйича консультация ва ўқув машғулотлари ўтказишга имконият яратиб беради.

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА