Тошкент шаҳридаги Анжуманлар саройида 24 ноябрь куни “Янги Ўзбекистон таълими: ислоҳотлар йўлида муваффақиятли ҳамкорлик” халқаро форуми иш бошлади.
Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган анжуман кун тартибидан глобал таълимни ривожлантириш, ўқитиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш, ҳамкорликни кучайтириш, ўқитувчилар малакасини ошириш масалалар ўрин олган.
Тадбир аввалида Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро форум иштирокчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ўқиб эшиттирди.
Халқаро форумда Массачусетс технологиялар институти J-Well директори Вижай Кумар, Мюнхен техника университети фахрий президенти, Янги Ўзбекистон Университети фахрий ректори Волфганг Херрман, ЮНЕСКОнинг таълим масалалари бўйича директори ўринбосари Стефания Жанини, “Cambridge Assessment” халқаро таълим ташкилоти бош маслаҳатчиси Стив Кинг, “Times Higher Education” ўқув муассасаси бош тижорат директори Ник Девис сингари кўплаб халқаро миқёсдаги обрўли мутахассислар иштирок этаётгани мазкур анжуманнинг юқори нуфузини белгилайди.
Анжуманлар саройи айвонида сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Янги Ўзбекистон” университети, Президент мактаблари, Абдулла Қодирий, Мирзо Улуғбек, Абу Али Ибн Сино, Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ихтисослашган мактаблар, Рақамли авлод ўқув муассасаларида таълим олаётган ёш ўқувчи-талабалар яратган илмий ишланмалар, ижод намуналари кўргазмаси уюштирилди.
Иштирокчилар Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти билан танишди.
Форум доирасида Массачусетс технология институти, Туркия Таълим вазирлиги, Ноттингем Трент, Портсмут университетлари, “Team Coach International” ташкилоти билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Бунинг натижаси ўлароқ, Агентлик тизимидаги таълим муассасалари фаолиятида ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинади, тажриба алмашиш жараёнида таълим соҳасидаги мавжуд муаммоларга ечим топиш, амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини баҳолаш имкони пайдо бўлади.
Тадбир иштирокчиларининг “Янги Ўзбекистон” университетининг йўналишлари, мақсад ва вазифалари, масканда яратилган шароитлар билан яқиндан танишиши етук хорижий ва маҳаллий профессорлар, олимлар, малакали ўқитувчи ва ходимларни, шунингдек, хорижий талабаларни университетга жалб қилишга ёрдам беради. Қолаверса, бу халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ижобий имижини яхшилашга ҳам ҳисса қўшади.
Форумнинг биринчи кунида тақдимот йиғилиши ҳамда юқори мартабали меҳмонлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Мулоқотларда, жумладан, глобал таълимдаги мавжуд муаммоларнинг ечими: хориж тажрибаси ва интеграция, замонавий меҳнат бозори талабига мувофиқ таълим беришнинг асосий омиллари, иқтидорли ёшлар учун сифатли таълим шароити яратиш, таълимга оид глобал миқёсдаги янгиликларни маҳаллий шароитда жорий этиш мавзуларида экспертлар чиқиши тингланди.
Анжуманнинг иккинчи кунида Президент таълим муассасалари агентлиги ва Халқ таълими вазирлиги тизимидаги ўқитувчилар учун малакали хорижий мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ва тақдимотлар ўтказиш кўзда тутилган. Ялпи мажлисда рақамлашган даврда чет тилларни ўқитиш кўникмаси ва SТEМ фанлари жорий қилишнинг ҳозирги муаммолари ва келажакдаги стратегиялари каби масалалар ҳам муҳокама этилади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова иштирок этди.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА мухбири