Президентимиз раислигида давом этаётган видеоселектор йиғилишида мева-сабзавот кластерлари ва томорқани ривожлантириш бўйича мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари кўриб чиқилмоқда.

Таъкидланганидек, бу борада энг аввало, жорий йил 1 декабрдан Қишлоқ хўжалиги жамғармаси томонидан мева-сабзавот етиштирувчиларни имтиёзли кредитлаш йўлга қўйилади.

Бунда, “кластер – фермер – банк” занжири асосида маҳсулот ҳажми ва молиялаштириш муддатлари аниқ кўрсатилган уч томонлама шартномалар тузилади. Кредитлар бир йилга 6 ой имтиёзли давр билан 14 фоиз ставкада ажратилади.

Ҳар бир маҳсулот турига қараб молиялаштириш схемалари ишлаб чиқилади. Масалан, такрорий экин учун июнда, тўқсонбостига сентябрда маблағ ажратилади.

Кластерларга томорқалардан тайёр маҳсулот сотиб олишга айланма маблағ учун 12 ойлик “револьвер” кредитлар берилади. Яъни, кластер қачон зарур бўлса, маблағни шунда олади ва фоизини кредитдан фойдаланган давр учун тўлайди. Бунда, пахта ва ғалладаги каби кредит гарови учун суғурталаш тизими жорий этилади. Ушбу мақсадлар учун 2 триллион сўм йўналтирилади.

Халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан кичик интенсив боғ, узумзор ва мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун 14 фоизлик имтиёзли ставкада 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади. Бунга халқаро молия ташкилотларининг 100 миллион доллар маблағи йўналтирилади.

Экспорт шартномаси бўлган мева-сабзавот етиштирувчиларга ҳосилни хавф-хатардан суғурталаш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.

Кластерлар томонидан чет элдан малакали агроном, энт́амолог, лаборатория мутахассиси жалб қилиш харажатларининг 50 фоизигача қисмига субсидия берилади.

 

ЎзА