Кеча, 22-ноябрь куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов Қозоғистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Мурат Бектанов бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилгани тўғрисида хабар берилганди.
Учрашувда қардош халқларнинг бирдамлиги, икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик масалаларининг жорий ҳолати ҳамда истиқболлари, минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама этилди. Бу бўйича махсус ҳужжатлар имзоланди.
Шу куннинг ўзида Қозоғистон ҳарбий делегацияси пойтахтимиздаги «Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида бўлиб, у ердаги “Матонат мадҳияси” мажмуаси пойига гулчамбар қўйди, боғ ичидан ўрин олган “Шон-шараф” музейидаги экспонатлар билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг делегация аъзолари Мудофаа вазирлиги “Чимён” тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар маркази ва Қуролли Кучлар академияси фаолияти билан танишдилар. Марказ ҳамда етакчи олий ҳарбий таълим муассасасида ҳарбий хизматчиларнинг касбий профессионал маҳоратини такомиллаштиришга қаратилган моддий база ва яратилган замонавий шарт-шароитларни меҳмонлар алоҳида эътироф этишди.
Қозоғистон ҳарбий делегациясининг мамлакатимизга ташрифи дастури бугун Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг “Термиз” дала ўқув майдонида ўтказилаётган “Ҳамкорлик-2021” ўзбек-қозоқ ўқувларининг фаол босқичини кузатиш билан давом эттирилади.
С.Раҳимов, ЎзА