Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи уч нафар меҳнат фахрийси муқаддас ҳаж ибодатига пора бериб бормоқчи бўлди.

Баъзи бир инсонларнинг феъл-атворидан ҳайрон қоласан киши. Уларни “соддадил” деб раҳм-шафқат, ҳамдардлик кўзи билан қарагинг келади-ю, баъзи қилмишларини кўриб “ҳайф!” дейишдан ўзга чоранг қолмайди.

Қисқа муддат тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирида раис лавозимида ишлаган 34 ёшли К.М исмли шахс меҳнат фахрийларига “Сизларни навбатсиз ҳажга юбораман, пойтахтдаги юқори идораларда ишончли одамим бор”, деб ваъда бериб, улардан 76 миллион сўм миқдоридаги пулни олади. Бу, албатта ўзининг “холис хизмати”дан ташқари, яъни банкка тўланадиган маблағ эди.

«Уддабурон» раис ҳар бири 22 миллион 690 минг сўм пулни Миллий банкнинг туман филиалига топширгани тўғрисида қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, уларнинг қўлига тутқазади.

Кўп ўтмай К.Н.нинг катта миқдордаги маблағни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборгани фош бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳайрон қоласан киши, ҳажга бориш истагида бўлган кексаларнинг фарзанду набиралари, қариндош-уруғ, қолаверса, маҳалла фаоллари бу машмашадан бехабар бўлган бўлса?! Назаримизда бўлган, фақат яна ўша лоқайдлик, эътиборсизлик оқибати бу.

 

Акрамжон Сатторов, ЎзА