Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда миллий комиссия аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева раислигидаги мажлисда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида 2021 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар, кўрилган чоралар ҳамда соҳаларда сақланиб қолаётган масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида мажбурий меҳнат, болалар меҳнатига барҳам бериш, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда соҳага доир қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш ҳамда қонунчилик базасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ишлари изчил давом эттирилди. Хусусан, 14 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди ва амалиётга татбиқ этилди. Вояга етмаганлардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш, уларни ғайриқонуний жамоат бирлашмалари фаолиятида қатнашишга ундаш, мажбурий меҳнатга жалб этиш учун жиноий жавобгарлик белгилашни кўзда тутувчи қонун қабул қилинди. Шунингдек, фарзанд асраб олиш тартибларини соддалаштиришга қаратилган ҳужжат ҳам имзоланди. Унга кўра, ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноятни содир этган ва жазо муддатини ўтаганларга ҳам фарзанд асраб олишга рухсат берилди. Йиғилишда одам савдосига қарши курашишда давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтларининг саъй-ҳаракатлари билан манзилли ишлар амалга оширилаётганлиги тўғрисида маълумот берилди.

Ушбу соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва амалиётни халқаро стандартларга мослаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари турли йўналишлардаги кузатиш ва мониторинглар, мамлакатимизда меҳнат соҳасида амалга оширилган ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалаларидан четга чиқиб, асосий урғуни муносиб меҳнат тамойиллари, норасмий бандликни қисқартириш, ижтимоий ҳимоя масалаларига қаратаётганини эътироф этди. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида жорий йилнинг сентябрь ойида “Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган мамлакат дастури” имзоланганлиги ва унда асосий эътибор муносиб меҳнат шароитларини яратиш, норасмий бандликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш масалаларига қаратилганлиги таъкидланди.

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш йўналишларида ижобий натижаларга эришилишига қарамасдан, жойлардаги айрим раҳбарларнинг масъулиятсизлиги ва эътиборсизлиги сабабли соҳада ҳали ҳам айрим муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилди. Йиғилиш доирасида АҚШ меҳнат вазирлиги томонидан жорий йилда эълон қилинган “Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисида”ги йиллик ҳисобот ҳамда унда Ўзбекистон эътибор қаратиши лозим бўлган масалалар юзасидан билдирилган тавсиялар муҳокама қилиниб, уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳаси кўриб чиқилди ва маъқулланди. Амалга оширилаётган ишлар бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбарлари, шунингдек, ҳудудий комиссиялар раисларининг ахборотлари эшитилди.

 

Файзулло Яҳёев, ЎзА