Жаҳон матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Покистоннинг “The National Herald Tribune” газетаси Ўзбекистон ҳаётига оид долзарб воқеаларни доимий ёритиб боради. 2019 йилда ЎзА мазкур газета таҳририяти билан ички ва халқаро ҳаётдаги долзарб воқеалар тўғрисида ахборот алмашиш ҳақида меморандум имзолаган эди.

Ушбу ҳамкорлик изчил давом этиб келмоқда.

“The National Herald Tribune” газетаси 2021 йил 10 ноябрдаги сонида  Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8 ноябрь куни давлат мулки объектларини хусусийлаштириш бўйича ўтказган йиғилиши ҳақида хабар чоп этди.

Унда қайд этилишича, Ўзбекистон иқтисодиётида давлатнинг иштироки аста-секин камайиб, хусусий сектор улуши динамик равишда ўсиб бормоқда. 2021-2022 йилларда давлат улушига эга корхоналар сонини камида 3 баробарга қисқартириш режалаштирилган. Жорий йилда 4 триллион 500 миллиард сўмлик 619 та давлат активи сотилган.

Газета Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросимидаги нутқида давлат корхоналарини хусусийлаштиришни жадаллаштириш иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири бўлишини таъкидлаганига эътибор қаратган.

Шу боис, мақолада хусусийлаштиришнинг янги усулларини жорий этиш, хусусийлаштирилган корхоналар молиявий барқарорлиги ва инвестицион жозибадорлигини ошириш, унинг барча босқичида шаффофликни таъминлаш асосий масала эканига урғу берган.

Газета хабарида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат корхоналарига стратегик инвесторларни нафақат мавжуд қувватлардан фойдаланган ҳолда жалб этиш, балки корхоналар фаолиятини кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган. Булар жумласига қуйидагилар киради:

– “Навоийазот” акциядорлик жамияти негизида учта алоҳида корхона ташкил этилган ҳолда кимё саноати кластери ташкил қилиш;

– кластер инфратузилмасини бошқариш учун тажрибали хусусий операторларни ишга олиш;

– инвесторлар сармоя киритиш билан бирга янги лойиҳалар таклиф этиши;

– замонавий билим ва технологияларни жорий этиш.

“Белгиланган вазифаларни инобатга олган ҳолда, масъул шахсларга 2022 йилга мўлжалланган хусусийлаштириш дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди”, – дея хабар беради “The National Herald Tribune”.

 

Улуғбек Маҳмирзаев тайёрлади,

ЎзА