Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Ўзбекистон Республикаси сайланган Президентининг лавозимига киришишига бағишланган қўшма мажлиси давом этмоқда

–Сайловда менга билдирилган ишонч – юксак шараф, муқаддас бурч эканини, айни вақтда бу ишонч зиммамга қандай улкан масъулият ва жавобгарлик юклашини ҳам чуқур ҳис этиб турибман. Номзодимни илгари сурган ва сайлов кампаниясида қўллаб-қувватлаган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг аъзолари ва фаолларига, барча тарафдорларим ҳамда ишончли вакилларимга ташаккур айтаман.

Давлатимиз раҳбари сайловда фаол иштирок этган – Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод – Мақсуда Ворисовага, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан – Алишер Қодировга, Ўзбекистон Экологик партиясидан – Нарзулло Обломуродовга, “Адолат” социал-демократик партиясидан – Баҳром Абдуҳалимовга алоҳида миннатдорлик билдирди ва уларнинг келгуси ишларига омадлар тилади.

–Барчангиз хабардорсиз, бундан беш йил олдин халқимиз билан бамаслаҳат Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилган эдик. Ўтган давр мобайнида ушбу Стратегия асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Янги муддатга лавозимга киришаётган Президент сифатида жонажон Ватанимизнинг бугунги куни ва келажаги учун бутун масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этган ҳола айтмоқчиман: халқимиз билан бошлаган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттирамиз ва бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз.

Асосий қомусимиз кафили сифатида Конституция ва қонунларимиз талабларини сўзсиз бажариш, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш, бундан буён ҳам фаолиятимнинг бош мезони бўлиб қолади,– деди давлатимиз раҳбари.

Жараённи ЎзАда кузатиб боринг.