Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида “Ралли Мўйноқ – 2024” мусобақаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақа бу йил ҳам умумий масофаси 450 км бўлган, 13 та назорат пунктига эга ва 10 та махсус тезкор ҳаракатланиш участкаси мавжуд бўлган йўлларда ўтказилади.
Чемпионатни ташкил этишдан асосий мақсад минтақада туризмни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш, спорт ва фестиваллар туризмини ривожлантириш, автомотоспорт турларини оммалаштириш, шунингдек, ёш авлодни техник ва амалий спорт турларига жалб қилишдир. Бундан ташқари, раллини ташкил этиш орқали туманда туризм соҳасида фаолият олиб борувчи корхоналарни ва хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлаш.
Мамлакатимизнинг турли бурчакларидан ва хориждан келган спортчилар икки тоифадаги спорт автомобилларида двигател ҳажми 1600 см3гача “А-8” ва двигател ҳажми 2000 см3гача “А-9” синфларидаги автомобилларда мусобақалашади. Шунингдек, двигател ҳажми 2000 см3гача “Багги” ва двигател ҳажми 125 см3гача ва 500 см3гача мотоцикллар бўйича мусобақалар ҳам ташкил этилади.
“Ралли Мўйноқ – 2024” автомотоспорт мусобақаларида 135 нафардан ортиқ автомотоспорт устаси 48 та автомобилда, 25 та спорт мотоциклида 11 та “Багги”да иштирок этади. Уч кун давом этадиган ушбу нуфузли мусобақаларни нафақат ўзбекистонликлар, балки қўшни мамлакатлардан ушбу спорт тури ихлосмандлари катта қизиқиш билан кутишмоқда.
“Ралли Мўйноқ – 2024” автомобиль спорти мусобақалари ғолибларига, мураббийлар ва ҳакамларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг эсдалик совғалари топширилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари