Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолияти, олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул учун ўтказиб келинаётган тадбирлар юзасидан баъзи сайтлар орқали Давлат тест марказида мавжуд бўлмаган, кун тартибига қўйилмаган масалалар бўйича нотўғри маълумотлар тарқатилмоқда.
Ана шундай тушунмовчиликларни бартараф этиш мақсадида Давлат тест марказининг сайтида қўйидаги далиллар келтирилмоқда.
1. Тест синовлари 1 августдан 15 августга қадар ўтказилади.
2. Кириш тест синовлари натижалари синов ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб сайтида эълон қилинади.
3. Тест синовлари Тошкент шаҳрида “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида, катта сиғимдаги биноларда, вилоятларда Олимпия заҳиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларга тегишли катта биноларда ўтказилади.
4. Алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий санъат, мусиқий таълим, санъатшунослик, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларида тест синовлари бўлмайди.
5. Тест синови ўтказиладиган биноларга абитуриентларни шахсини индефикациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, металлодетекторлар орқали кириши, жараённи ёритиш учун мониторлар ўрнатилиши белгиланди. Абитуриентларнинг ота-оналари учун тест синовларини видеокузатув орқали онлайн режимда кузатиб бориш имконияти яратилади.
6. Давлат тест маркази ходимларининг сони кескин кўпайтирилган тузилмаси қабул қилинмоқда.
7. Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ўзгартиришлар Президентимизнинг 2017 йил 16 ноябрдаги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан киритилган.
ЎзА