Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг бухоролик сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда.

–Ғоят қийин ва оғир даврларда ҳам эзгулик байроғини баланд кўтариб майдонга чиққан бухоролик Аҳмад Дониш, Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Файзулла Хўжаев, Абдувоҳид Бурҳонов сингари фидойи зотлар эл-юрт дарди ва тақдирини ўйлаб яшаган буюк инсонлар эди.

Айниқса, Туркистон жадидчилик ҳаракатининг доҳийларидан бўлган арбоб ва адиб, биринчи ўзбек профессори Абдурауф Фитратнинг бу борадаги хизматлари таҳсинга сазовордир. Ўтган асрнинг 20-йилларида туркистонлик 70 нафар йигит-қизни Германияга ўқишга юборишда бу улуғ сиймонинг қандай катта роль ўйнаганини сизлар, албатта, яхши биласиз.

Фитрат чет элга жўнаб кетаётган талабаларни Самарқанддаги Амир Темур мақбараси олдида Ватан манфаатларига содиқ бўлиш ҳақида қасамёд қилдиради. Қаранг, қандай ватанпарварлик, фидойилик намунаси бу!

Улуғ алломанинг она тилимиз, тарих ва мусиқа соҳаларини ривожлантиришдаги беқиёс хизматларини эътиборга олиб, Бухоро шаҳрида Абдурауф Фитрат номидаги ўзбек тили ва хорижий тилларни ўқитишга ихтисослашган ижод мактаби барпо этсак, нима дейсизлар,– деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА