Оролбўйидаги барча умумтаълим даргоҳлари сингари давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Нукус шаҳридаги И.Юсупов номидаги ижод мактабида ҳам “сўнгги қўнғироқ” тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг мактаб битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Ижод мактабини битириб, катта ҳаётга қадам қўяётган битирувчи ёшларни, уларнинг устозлари ва ота-оналарини самимий муборакбод этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда навқирон авлод вакилларини ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Чунки жонажон Ватанимизнинг келажаги, унинг тақдири ва тараққиёти бугун шинам синфхона ва аудиторияларда қунт билан таълим олаётган ёшларнинг қўлида. Улар эртага Ўзбекистонни янада кучли, ривожланган ва бахтли давлатга айлантириш учун ўзларининг бор билими, иқтидори ва куч-ғайратини сафарбар қилса, кўзлаган мақсадларимизга албатта эришамиз.
Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасидаги 748 та умумтаълим мактабини 22 минг 880 нафар ўқувчи битирмоқда. Шундан 688 нафари олтин, 188 нафари кумуш медаллари билан битираётган бўлса, 267 нафари мамлакатимиздаги ва чет давлатлардаги нуфузли олий таълим муассасаларига муддатидан олдин киришга муваффақ бўлди. Улар орасида И.Юсупов номидаги ижод мактаби ўқувчилари ҳам бор.
Бугунги кунда ижод мактабида 26 нафар олий ва биринчи тоифали ўқитувчи ёшларга таълим бермоқда. 2023-2024 ўқув йилида 11- синфни 35 нафар ўқувчи битириб чиқмоқда. Шундан 20 нафари хорижий тиллар бўйича халқаро ва миллий сертификатга, 12 нафари турли фанлардан сертификатга эга. Ўтган йили ижод мактабининг барча битирувчилари олий таълим муассасаларининг талабалари бўлди. Бугунги кунда улар АҚШнинг Массачусетс, Аризона штатларидаги, Туркиянинг, Жанубий Кореянинг олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда.
Тадбирда сўнгги қўнғироқ чалинди. Мактаб ўқувчилари ижросидаги қўшиқ ва рақслар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари