Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев Шуманай туманидаги мактаб битирувчилари билан учрашди.
Жўқорғи Кенгес раиси битирувчиларни таълим даргоҳларини тамомлаб, катта ҳаётга қадам ташлаётганлиги билан қутлади ва олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида омад тилади.
Бугунги кунда ёшларимизни ҳар томонлама билимли, жисмоний чиниққан, етук инсонлар қилиб тарбиялаш – давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан ҳисобланади. Эртанги келажагимиз эгаси бўлган ёшларимиз учун етарли шароит яратиб берилмоқда. Мана шундай имкониятлар натижасида улар орасидан билим даражаси, юксак тафаккури ва иқтидори билан кўзга тушаётган ёшларнинг сони йил сайин ортиб бормоқда.
Учрашувда ҳали мактабни битириб улгурмасдан дунёнинг кўплаб нуфузли олийгоҳларига кириш бахтига муяссар бўлган ёшларга зафарлар тилаб, уларнинг ота-оналарига ва устозларига қимматбаҳо совғалар топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири