Ўсмирлар ўртасида Перу пойтахти Лима шаҳрида поёнига етиб бораётган жаҳон чемпионати оғир атлетика спорт турининг келажаги, келгуси ўн йилликда ушбу спорт турида айнан қайси давлатларнинг спортчилари жаҳон оғир атлетикасида етакчиликка даъвогарлик қилиши мумкинлигини кўрсатиб бераётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Айтиш лозим, океан ортида ўтаётган ушбу жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг ўз овози борлигини амалда кўрсатмоқда.
Кеча поёнига етган мусобақанинг тўртинчи кунги баҳсларида -89 килограмм вазн тоифасида истеъдодли спортчимиз Бекзод Ғофуржонов 1 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлди. 71 килограмм оғирликда “А” гуруҳ баҳсларида супачага кўтарилган Дилноза Файзуллаева жаҳон оғир атлетикачи қизлари орасида кучли ўнликда ўрин олиши жаҳон оғир атлетикасининг эртанги юлдузлари сафида туришга ўзбекистонлик спортчиларнинг ҳақли эканини амалда исботлади.
Ўтган кунги жаҳон чемпионати баҳсларида терма жамоамиз аъзолари Маржона Абдумуталова 1 та кумуш, 2 та бронза, Руслан Раҳматжонов 2 та олтин, 1 та кумушга эгалик қилди. Бу эса жаҳон чемпионатида умумжамоада етакчиликка даъвогарлик қилаётган Ҳиндистон, Аргентина, Колумбия, Туркия, АҚШ жамоаларига Ўзбекистон оғир атлетикачилари муносиб рақобат кўрсатаётганини англатади.
Айни ҳолат мамлакатимизда маҳоратли спортчиларни тайёрлашга алоҳида эътиборнинг маҳсули бўлганини таъкидлаш лозим.
Бевосита натижаларга тўхталадиган бўлсак, аёллар ўртасида -71 килограмм оғирликда Дилноза Файзуллаева даст кўтаришда 85 килограмм кўрсаткичга эришиб 5-ўринни, силтаб кўтаришда 103 килограмм билан 9-ўринни, иккикурашда 189 килограмм натижа билан 9-ўринни эгаллади.
-89 килограмм вазндаги мусобақаларда ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Бекзод Ғофуржонов рақибларидан 2 та бронза ва 1 та кумуш медални тортиб олган ҳолда Перуда Ўзбекистон номини улуғлади.
У даст кўтаришда 141 килограмм, силтаб кўтаришда 183 килограмм ва иккикурашда 324 килограмм натижа қайд этди.
Бугун, 26 май куни жаҳон чемпионатининг сўнгги кунида терма жамоамиз аъзоси Омадилло Олимов -102 килограммгача бўлган полвонлар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этади.
Т.Рўзиев, ЎзА