Президент Шавкат Мирзиёев жойлардаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 8 октябрь куни Сурхондарё вилоятида бўлди.
Давлатимиз раҳбари ўз сафарини буюк аллома Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади.
Аллоҳ таолодан юртимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб дуо қилинди.
Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида сурхондарёлик сайловчилар билан учрашув ўтказди.
Шундан сўнг Президентимиз Термиз шаҳридаги 9-ихтисослаштирилган мактаб-интернатини бориб кўрди.
Бу мактаб 1979 йилда қурилган. Бинолар эски, хоналар камлиги туфайли талабга жавоб бермай қолган. Ўқувчи ўрни бор-йўғи 250 та.
Бугунги кунда мактаб қувватига нисбатан 2 баробар кўп юклама билан ишламоқда. Шунингдек, фан ва спорт тўгаракларини ташкил этиш учун имконият етарли эмас.
Шунга қарамай, таълим сифати жуда яхши. Ўқувчиларнинг олий таълим ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш кўрсаткичлари юқори.
Қолаверса, атрофда янги уйлар қурилиб, аҳоли сони кўпайиши билан мактабга талаб ошиб бормоқда.
Президент ушбу муассаса ўрнида 1 минг 500 ўринли замонавий мактаб барпо этиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
– Мамлакатимиз бугун ўз олдига қўяётган мақсадларни амалга оширадиганлар – кадрлар. Муаллимнинг обрўйини кўтариб, таълимни тўғри йўлга қўймас эканмиз, натижа бўлмайди. Шунинг учун келгуси беш йилда мактабларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича янги Миллий дастур қабул қилинади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ушбу мактаб ўқитувчилари билан суҳбатлашди. Улар мактаб таълимини яхшилаш ва муаллимларни рағбатлантириш бўйича таклифларини айтди.
Шу ерда Сурхондарё вилоятида умумтаълим тизимини ривожлантириш чоралари муҳокама қилинди. Сурхондарё вилоятида 96 минг қўшимча ўқувчи ўрни яратиш режалаштирилган. Бунинг учун 21 та янги мактаб ва 358 та мактабларда янги бинолар қурилади, 116 та мактаб мукаммал таъмирланади. Ахборот технологиялари, математика, кимё-биология фанларига ихтисослашган 19 та мактаб ташкил этилади.
Президент Термиз шаҳридаги Гулистон маҳалласида бўлди.
Сўнгги йилларда бу ерда янги уйлар, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, болалар ўйингоҳлари барпо қилинди. Ҳовлиларда яшовчилар ердан унумли фойдаланиб, деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланади.
Давлатимиз раҳбари шу ерлик Сайдулла Мирзаев хонадонига кириб, оиланинг яшаш шароитлари билан танишди.
Оила бошлиғи узоқ йиллар чўпонлик қилган. Турмуш ўртоғи Ҳосият ая билан 6 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказган. Хонадон обод. Томорқадаги иссиқхонада лимон кўчатлари экилган.
– Сурхондарё – Худо берган замин. Бу ерда қишлоқ хўжалигидан бир йилда уч марта ҳосил олиш мумкин. Шундан фойдаланиб, ривожланган давлатлардан технология олиб келиб, маҳсулотларга бозор топишимиз керак. Бу ҳам қўшимча даромад, янги иш ўринлари бўлади, – деди Президент.
Сайдулла ота бугунги кунда ўғли тадбиркор, келини шифокор бўлиб ишлаётгани, неваралари яхши таълим олаётгани, турмушига шукр қилишини айтди.
– Шукроналик – энг эзгу қадрият, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ҳозир яшаш учун ҳам, ўқиш, ишлаш учун ҳам ҳамма шароит бор. Энг аввало, юртимизда тинчлик-осойишталик бўлиши керак.
Давлатимиз раҳбари Термиз шаҳрининг Мангузар маҳалласида қурилган замонавий кўп қаватли уйларни ҳам кўздан кечирди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи ниҳоясига етди. Давлатимиз раҳбари Тошкентга қайтиб келди.
М.ЭЛМУРОДОВ,
А.ХУДОЙҚУЛОВ,
Х.МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбирлари