Шавкат Мирзиёев вилоят сайловчилари билан учрашувда бу борада келгуси беш йилга мўлжалланган режаларни маълум қилди.

Аввало, 2022-2026 йиллар Сурхондарёда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш беш йиллиги деб эълон қилинади.

Буни амалда рўёбга чиқариш учун келгуси беш йилда вилоятда 1 минг 700 километр ичимлик сув тармоқлари ва 96 та сув иншоотлари барпо этилади.

“Мега” лойиҳа – Тўпаланг сув омборидан Термизгача 361 километр магистрал сув тармоғи қурилади. Бунга 138 миллион доллар ажратилади.

Музработ ва Шеробод туманларида ичимлик суви таъминоти яхшиланади, Термиз шаҳрининг оқова сув тизими реконструкция қилиниб, Сариосиё, Денов, Жарқўрғон, Музработ, Шеробод, Қумқўрғон, Олтинсой, Шўрчи туманларида оқова сув тизимлари барпо этилади.

Мазкур ишлар орқали вилоятда марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 57 фоиздан 80 фоизга етказилади ва 800 минг аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Шунингдек, 870 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, канализация хизмати билан таъминланиш даражаси 4 фоиздан 22 фоизга етади. Бу мақсадларга 5,5 триллион сўм йўналтирилади.

 

ЎзА