Айни пайтда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида сурхондарёлик сайловчилар билан учрашмоқда.

Шавкат Мирзиёев охирги беш йилдаги туб ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Сурхондарёда ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлаётганини таъкидлади. Шу билан бирга мазкур учрашувга тайёргарлик жараёнида Сурхондарёда аҳоли яқин йилларда қандай ўзгаришларни кутаётганини, уларни энг кўп безовта қилаётган долзарб муаммо ва масалаларни пухта ўрганганини қайд этди.

– Сурхондарёга жуда катта марралар билан келдик. Энг катта вазифамиз – халқни рози қилиш, инсон манфаатларини таъминлаш. Сурхондарё аҳолиси учун энг муҳим масала – ичимлик сув муаммоси. Вилоят марказлашган тоза ичимлик суви таъминоти даражаси бўйича республикада энг охирги ўринларда, – деди Шавкат Мирзиёев.

144 та маҳаллага ичимлик суви ҳали умуман етиб бормагани, Шеробод, Ангор, Бойсун, Бандихон, Музработ, Олтинсой, Жарқўрғон ва Деновда ичимлик сув таъминоти жуда паст даражада экани таъкидланди.

Шунингдек, вилоятда уй-жой, йўл-транспорт, электр таъминоти каби масалалар бўйича ҳам аҳолининг кўплаб эътирозлари мавжудлиги айтиб ўтилди.