Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма иккинчи сессияси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтган сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, cектор ва соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессия кун тартибида «Фирма номлари тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ҳақидаги масалалар кўриб чиқилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ, Нурлипесов Амир Отеповични Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг раиси этиб сайлаш тўғрисидаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг тақдимномаси депутатлар эътиборига ҳавола қилинди. Бу масала бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилди – Амтр Нурлипесов Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг раиси лавозимига сайланди.

Шунингдек, сессияда «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини ташкил этиш» лойиҳасини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти “Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” газ таъминоти филиали раҳбарининг ҳисоботи тўғрисида”, “Қорақалпоғистон Республикасида туризмни ривожлантириш бўйича 2021 йилда амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи тўғрисида”, “Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ҳисоботи ҳақида”, “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясида белгиланган вазифаларнинг 2019-2021 йилларда Оролбӯйида амалга оширилиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раисининг ахбороти ҳақида”, “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисида”ги масалалар кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА