Президент сайловига ҳам саноқли кунлар қолди. Бўлажак сайловни ҳар томонлама пухта тайёргарлик асосида ўтказилишида жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Ўтказиладиган ҳар бир тадбир, унда иштирок этувчилар хавфсизлиги,   биноларни тайёрланиши, ёнғин хавфсизлигига риоя қилиниши, тартиб интизом асосида иш олиб борилиши кўзланган натижага эришишда муҳим ўринга эга.

Сайлов Кодексининг 49-моддасига асосан Жамоат тартибини сақлаш, сайлов ўтказиладиган бинолар ва жойларни қўриқлаш, шунингдек, сайлов натижаларига доир ҳужжатларни ташиш чоғида участка сайлов комиссиялари аъзоларини кузатиб бориш тегишли ваколатли органларнинг зиммасига юклатилиши белгиланган.

МСК аъзоларининг қайд этишича, 2019 йилда ўтказилган Парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайловларида сайлов комиссиялари билан ички ишлар, миллий гвардия ҳамда фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимлари ҳамкорлиги яхши самара берган.

Айниқса, сайлов бюллетенларини етказиб бериш ва сақлаш, овоз бериш жараёнида жамоат тартибини сақлаш ҳамда овоз бериш якунларини тегишли сайлов комиссияларига етказиш билан боғлиқ масалалар тизим ходимлари томонидан юқори савияда бажарилган.

Маълумки, ушбу органлар ўз фаолиятида Қонунийлик, ягоналик, Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва  қонуний манфаатини ҳурмат қилиш принципи, очиқлик ва шаффофлик принципи асосида иш олиб борадилар.

Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда ФВВ жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси томонидан сайлов округлари ва участкалари ҳудудларини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияси сайлов округлари ва участкалари ҳудудларида, комиссия жойлашган биноларда, шу жумладан овоз бериш биноларида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимларини  бириктиради.

Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилган эслатма билан жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимларини таъминлайди. Масъул ходимларига уларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича тушунтиришлар берилишини ва ўқув машғулотлари ўтказилишини ташкил этади.

Жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходим вазифаси нимадан иборат?

Сайлов бюллетенлари олинган кундан эътиборан бюллетенлар ҳамда бошқа ҳужжатлар сақланадиган бинонинг қўриқланишини таъминлайди. Бинолар ва жойларни қўриқлови миллий гвардия ва ички ишлар органларининг ҳудудий раҳбарлари томонидан тасдиқланган навбатчилик жадвали асосида комиссияларнинг кундалик иш фаолияти тугаган вақтдан эътиборан кейинги кундаги иш фаолияти бошлангунига қадар амалга оширилади.

Округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари кузатуви остида сайлов натижаларига доир ҳужжатларни транспорт воситасида ташиш жараёнида хавфсизликни таъминлайди. Сайлов куни хизмат фаолиятини овоз бериш биносига кирмаган ҳолда олиб боради.

Сайловчиларнинг яширин овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлигини, шунингдек сайлов жараёни иштирокчиларининг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларини бузмаган ҳолда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўради.

Жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимга қуйидагилар тақиқланади

Сайловчилар, кузатувчилар ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларига таъсир ўтказиш, сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасига кириш, бирон-бир ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш, сайловчилардан улар қандай овоз берганлигини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш таъқиқланади.

Шунингдек, сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиши, сайлов комиссиясининг мажлисларида иштирок этиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари сайлов округлари ҳудудида мазкур қарорга мувофиқ жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларнинг амалга оширилиши устидан доимий назорат ўрнатади.

Бугунги кунда сайлов участкаларига бириктириладиган ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари учун Эслатмалар ҳудудларга етказилган. Ҳар бир сайлов участкасини ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари назоратдан ўтказилган. Ёнғинга қарши воситалар билан таъминланган.

 

ЎзА мухбири

Нурилло НАСРИЕВ

тайёрлади