Асрлар мобайнида ягона тарихий-маданий маконда яшаб келган ўзбек ва туркман халқларини умумий диний қадриятлар, урф-одат ва анъаналар ўзаро боғлаб туради.

Бугунги кунда қардош мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик алоқалари кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларига, ўзаро яқин савдо-иқтисодий ва  гуманитар ҳамкорликка асосланган.

Икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва  ишончи Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларининг янада ривожланиши ва мустаҳкамланишида муҳим роль ўйнамоқда.

Маълумки, Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатидаги хорижга илк ташрифи 2017 йил март ойида Туркманистонга амалга оширилган эди. Ташриф якунлари бўйича тарихий аҳамиятга эга ҳужжат  – Стратегик шериклик тўғрисидаги битим, шунингдек, умумий қиймати 150 миллион долларлик шартномалар имзоланганди.

2018 йил апрелда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мамлакатимизга ташрифи чоғида Тошкент шаҳрида “Aшхобод” боғи ва Махтумқули кўчаси, Хоразм вилоятида Ўзбек-туркман дўстлик уйи ва “Улли ҳовли” мажмуасининг очилиши халқларимиз ўртасидаги дўстлик, бирлик ва маданий яқинликнинг ёрқин намунаси бўлди.

Бундан ташқари, икки давлат ҳукуматлари ва вазирликлари даражасида ўзаро яқин алоқалар ўрнатилди. Хусусан, 2020 йил ноябрда Ўзбекистон – Туркманистон парламентлараро дўстлик гуруҳларининг видеоконференция шаклидаги биринчи қўшма йиғилиши ўтказилган бўлса, шу йил март ойида Туркманистон Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича видеомулоқот кўринишидаги Олий Мажлис парламентлараро дўстлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Жорий йил май ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги делегацияси Ашхабод шаҳрининг 140 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро учрашувда иштирок этди. Шунингдек, сентябрда Туркманистоннинг Лебап вилояти делегацияси Бухоро вилоятига, Тошҳовуз вилояти вакиллари Хоразмга ташриф буюрди. Ташриф давомида Туркманистон томони  вилоятларимизнинг сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан  танишиб, чегаралараро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Туркманистон Ўзбекистоннинг савдо-сотиқ бўйича муҳим стратегик шериги ҳисобланади. 1996 йилдан буён Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркманистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси фаолият олиб бормоқда.

Шу йил 14 сентябрь куни Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг ўн олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда томонлар иқтисодиётнинг турли тармоқларида ўзаро кооперацияни чуқурлаштириш ва гуманитар алоқаларни кенгайтиришга доир масалаларни муҳокама қилдилар.

Шу билан бирга, ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қатори чегаралараро савдони ривожлантириш, икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш, мамлакатларимизнинг транзит салоҳиятини ошириш хусусида тўхталиб ўтилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳақида сўз борганда, сўнгги беш йилда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми қарийб 2,5 баробар ўсиб, 2020 йилда 527 миллион долларни ташкил этганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

2021 йил январь – август ҳолатига кўра, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ўзаро савдо айланмаси ҳажми 418,1  миллион долларни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 23,6 фоизга ўсган.

Жорий йилнинг саккиз ойида Ўзбекистондан Туркманистонга кимё маҳсулотлари, машина ва ускуналар, озиқ-овқат кўринишидаги маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, қўшни мамлакатдан электр энергияси, нефть ва кимё маҳсулотлари, озиқ-овқат ва хизматлар  импорт қилинди.

Ўзбекистон ва Туркманистон савдо-саноат палаталари икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш мақсадида мунтазам равишда кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасида қўшма тадбирлар, бизнес форумлар, кооперацион биржалар, кўргазма-ярмаркалар ташкил  этишга ҳисса қўшмоқда.

Ўтган йили октябрда Ўзбекистон ва Туркманистон Ишбилармонлар кенгашининг икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокида видеоконференц-алоқа шаклидаги биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Транспорт ва логистика соҳаси ҳамкорлигимизнинг яна бир устувор йўналишларидан ҳисобланади. Айниқса, тижорат мақсадида икки мамлакат автомобиль ва темир йўллари орқали учинчи мамлакатга транзит юклари ташилади.

Хусусан, жорий йилнинг саккиз ойида халқаро юк ташиш ҳажми умумий ҳисобда қарийб 13,5 фоизга ўсиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўртача 1,2 миллион тонна кўпни ташкил этди. Шундан автомобиллар орқали юк ташиш ҳажми – 10,5 фоизга, темир йўл орқали – 34,4 фоизга ошди.

Икки мамлакат коммуникация тизимларининг интеграцияси нафақат Ўзбекистондан Туркманистонга,  балки Яқин ва Ўрта Шарқ савдо бозорларига энг қисқа йўл орқали чиқиш имкониятини яратади. Шу боис, мамлакатларимиз  транспорт ва логистика йўналишларини диверсификациялаш масалаларини бир овоздан маъқуллайди. Aшхобод шартномаси доирасида «Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон – Ҳиндистон» субминтақавий транспорт йўлаги шакллантирилмоқда. Бу келгусида ташқи бозорларга муқобил чиқиш йўли сифатида хизмат қилади.

Бундан ташқари, биргаликда «Хитой – Марказий Осиё – Каспий денгизи – Жанубий Кавказ – Европа» йўналишини шакллантириш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканликлари билдирилди. Ушбу транспорт йўлаги  Грузия, Туркия, Руминия ва бошқа қатор мамлакатларнинг Қора денгиз портларига кириб боришини таъминлашга мўлжалланган.

Ўзбекистон – Туркманистон икки томонлама муносабатларининг устувор йўналишларидан яна бири маданий-гуманитар ҳамкорликдир.

Бугунги кунда  Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари ҳар икки мамлакатда ўтказиладиган маданият кунлари, турли концертлар, фестиваллар, спорт тадбирлари ва таълим дастурларида фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, 2019 йилда Туркманистонда МДҲ зиёлилари форуми ва Саломатлик форуми, Ўзбекистонда «Шарқ тароналари» ва Халқаро ҳунармандлар фестиваллари бўлиб ўтди.

Туркманистон ва Ўзбекистон санъати ва маданияти вакиллари 2020 йилда мураккаб пандемия шароитига қарамай, онлайн ва анъанавий шаклда  ўзаро алоқаларни сақлаган ҳолда, жорий йил Туркманистонда Халқ рақслари фестивали, мамлакатимизда эса “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида”  халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда туркман миллатига мансуб қарийб 200 минг аҳоли яшайди. Шу билан бирга, юртимизда туркман тилида таълим берадиган жами 61 та мактаб мавжуд, унда қарийб 8 минг нафар туркман болалари таҳсил олади. Шундан, жами 21 та мактабда таълим тўлиқ туркман тилида олиб борилади.

2019-2020 ўқув йилида юртимиздаги олий ўқув юртларида Марказий Осиё мамлакатларидан жами 3800 нафар талаба таҳсил олган бўлса, шундан 80 фоизи Туркманистон ёшларидир.

Айни пайтда туркманистонлик талабаларнинг асосий қисми Урганч, Қорақалпоқ, Бухоро ва Қарши давлат университетлари, Бухоро давлат тиббиёт институти, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалида таҳсил олади.

Умуман олганда, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ўсиш суръатлари конструктив сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш борасидаги қатъий позициясини тасдиқлайди.

Мамлакатларимизнинг стратегик шериклиги дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган бўлиб, қардош халқларимиз ўртасидаги муносабатлар замонавий дунёда қандай ривожланиш мумкинлигига ёрқин мисол бўлиб хизмат қилади.

 

Арес Баязитов,

Марказий Осиё халқаро институти

бош илмий ходими,  

Зулфия Тураназарова,

етакчи илмий ходим