Пойтахтимиздаги Киночилар уйида «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали очилишига бағишланган кеча бўлиб ўтди.

Мазкур тантанали тадбирда жаҳоннинг кўплаб давлатларидан ташриф буюрган кино арбоблари, экран юлдузлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий дипломатик корпус вакиллари, санъат мухлислари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали иштирокчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистонда кейинги тўрт-беш йил давомида кечаётган туб ижобий ислоҳотлар мамлакат нуфузининг халқаро майдонда ошишига, халқимиз ҳаётининг янада обод ва фаровон бўлишига хизмат қилмоқда.

Бу жиҳатлар миллий маданият ва санъатимизни жадал равнақ топтириш, ижодкор зиёлиларга эҳтиром кўрсатиш, уларнинг самарали меҳнат қилиши учун зарур барча имконият ва шароитларни яратишда тобора кўпроқ намоён бўлмоқда.

Қайта тикланган Тошкент халқаро кинофестивали наинки кинематография, балки сайёҳлик, санъат таълими, мамлакатга инвестициялар кириб келиши, халқаро ҳамкорликда муҳим аҳамият касб этади.

«Тинчлик, тараққиёт ва маърифат учун» шиори остида ташкил этилаётган мазкур халқаро кинофестиваль жаҳон миқёсида ҳам ўзига хос акс-садо берди.

Халқаро кинофестивалнинг дастури ғоят кенг ва ранг-баранг экани мазкур ижодий лойиҳанинг «Фестиваллар фестивали» сифатида ўтаётганидан дарак бермоқда. «Кино 5 кунда» ижодий лойиҳаси, янги-янги бадиий, ҳужжатли фильмлар тақдимоти, маҳорат сабоқлари, анжуманлар, тақдимотлар, кино юлдузлари иштирокидаги матбуот анжуманлари билан ҳамоҳанг бўлиб ўтмоқда. Мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида янги-янги кинотеатрлар қуриб, фойдаланишга топшириляпти. Ўн тўрт хорижий мамлакатнинг миллий кино кунлари томошабинларни жаҳон кинематографиясидаги энг илғор йўналишдаги анъаналар билан таништирмоқда. Шу билан бирга миллий кинематографиямиз истиқболига йўналтирилган янги-янги ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланиши, янги ижодий лойиҳалар сари қадам қўйилиши бошланмоқда.

– Ўзбек диёри қадимий маданиятга, тарихга, дунё цивилизацияларига таъсир кўрсатган теран ва мустаҳкам илдизларига эга заминдир, – деди туркиялик кино актёр Селим Байрактар. – Бизнинг анъаналаримиз, қадриятларимиз, тарихимиз туташдир. Ўзбекистондек табаррук юртда ўтказилаётган шундай халқаро кинофестивалда иштирок этаётганим мен учун фахр ва шарафдир.

– Тошкент кинофестивали яна кино мухлисларини ўзига чорлади, – деди озарбайжонлик кино арбоб Руфат Гасанов.– Анчадан бери одамлар шундай нуфузли тадбирни жуда соғиниб қолган эдилар. Бу фестиваль қайта туғилганидан наинки ўзбек халқи, кино ижодкорлари, балки хорижлик киночилар ҳам беҳад мамнундир. Ушбу фестиваль янгиланаётган Ўзбекистонда маданий-маърифий жабҳаларда ҳам ислоҳотлар ортга қайтмас, шиддатли, ҳам амалий тус олганини дунёга намойиш этмоқда.

…Авваллари халқимиз тилида «Панорама» деб номланган санъат кошонаси эндиликда Киночилар уйи сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Анъанавий алвон гиламдан биз экранларда, киноларда кўрган қаҳрамонларимиз – жаҳон кино юлдузлари ўтмоқда.

Санъат масканида куй-қўшиқ авжида. Саҳнада Тошкент халқаро кинофестивалида иштирокчи давлатларнинг байроқлари ҳилпирайди. Миллий ва жаҳон кинематографиясининг энг нодир намуналари экранда гавдаланади.

«Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали расман очиқ, деб эълон қилинди. Олдинда барчамизни унутилмас таассуротлар кутмоқда.

Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳитов иштирок этди.

 

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири