Бағдод тумани Гулистон маҳалласида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Шавкат Мирзиёев ушбу мулоқотдан мақсад ўтган беш йилда амалга оширилган ишларни таҳлил қилиб, вилоятни янада ривожлантириш бўйича истиқболдаги режаларни белгилаш эканини таъкидлади.
– Ўтган беш йилда амалга оширган ишларимизни халқимиз қандай қабул қилаяпти, қандай ютуқларга эришдик, шу билан бирга қандай сабоқ, хулосалар чиқардик – бу муҳим. Чунки бугунги Ўзбекистон халқи – кечаги халқ эмас, Фарғона аҳли ҳам кечаги Фарғона халқи эмас, ва албатта, Президент ҳам кечаги Президент эмас. Кўп нарсаларни ўргандик, сабоқ чиқардик. Бўлажак сайловга ҳам ҳаммамиз тараддуд кўраяпмиз. Чунки шундай катта юртга, буюк ўзбек халқига раҳбар бўлиш улкан шараф. Айни пайтда жуда катта масъулият ва жавобгарлик.
Бир нарсани билингларки, қилган ишларимиз – тарих. Энди янги талаб билан катта-катта ишларни амалга оширишимиз керак. Негаки, ёшларимиз ўсиб келаяпти, халқимиз биздан янада буюк ишларни кутаяпти. Мана шу ишларга бел боғлашда мен фарғоналикларнинг ҳам катта мададига суянаман. Сизлардан илтимосим, кимда қандай таклиф бўлса айтсангиз менга осон бўлади, сайловолди дастуримиз мукаммал бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
ЎзА