Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовнинг ишончли вакили Улуғбек Раззоқов Навоий шаҳрида сайловчилар билан учрашди.

Дастлаб учрашув иштирокчиларига Нарзулло Обломуродовнинг таржимаи ҳоли ўқиб эшиттирилди.

Ишончли вакил бугунги шиддатли ўзгаришлар даврида давлат ва жамият бошқарувининг ҳуқуқий-ташкилий асосларини умуминсонийлик тамойиллари асосида такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ҳамда бошқарув органларида демократик тизимни ташкил этиш асосий вазифага айланиши лозимлигини таъкидлаган ҳолда номзоднинг сайловолди дастуридаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтди.

Президентликка номзод ўз дастурида мамлакатни барқарор ривожланишини таъминлаш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш, қайта тикланувчи ва муқобил энергияни ривожлантириш ҳамда иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш, экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Шунингдек, дастурда иқлим ўзгаришларига мослашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини янада ривожлантириш, давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантириш, шунингдек, ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўналишлари ҳам асосий ўрин эгаллайди.

Учрашувда ишончли вакил ҳар бир йўналиш мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталар экан: Номзодимизнинг “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида сайловолди дастурининг бош мақсади – мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, яшил тараққиёт тамойилларини кенг жорий этиш орқали халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитлари ҳамда фаровон жамият барпо этишдан иборатдир, дея таъкидлади.

Учрашувда сўзга чиққанлар аҳолини сайловда фаол иштирок этиб Президентликка номзод Нарзулло Обломуродовга овоз беришга чақирди.

 

Абдували Бўриев, ЎзА