Президентликка номзод Нарзулло Обломуродов қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масаласи ҳам номзоднинг сайловолди дастуридаги муҳим йўналишлардан бири эканлигини таъкидлади.

– Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичларини экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш стратегик мақсадимиз бўлиб қолади. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишни таъминловчи экологик хавфсизлик талаблари қуйидагилардан иборат бўлиши лозим деб ҳисоблаймиз:

жойларда атроф-муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш орқали уларнинг технологик жараёнларини модернизация қилиш, янги инновацион технологияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш;

атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай хўжалик фаолияти турларини ифлослантирувчи моддаларни тозалаш ускуналари билан жиҳозланмасдан лойиҳалаштиришни тақиқлаш;

соҳага оид ҳуқуқий асосларни самарали ижросини таъминлаш ҳамда хўжалик ва бошқа ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари атрофида санитария-ҳимоя зоналарини ташкил қилиш асосида мамлакатимизнинг йирик ва саноати ривожланган шаҳарларида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган углерод, азот бирикмалари, метан ва бошқа газлар чиқарилишини ҳамда чанг миқдорини 1,5 баробарга камайтириш;

чиқиндиларни утилизация қилиш, уларни тўплаш ва қайта ишлашда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш чораларини кўриш;

 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА