Президентликка номзод ўз дастурида ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқларини такомиллаштириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

– Жамиятимизда ногиронлиги бор шахслар бу реал ҳаёт. Улар ҳам худди сиз ва менга ўхшаган шу мамлакатнинг фуқароси, тенг ҳуқуқли инсонлар. Қашқадарё вилоятида 59 минг 282 нафар ногиронлиги бор шахслар бор. Лекин уларга биз ўзимиз билан тенг шароит яратиб бера олдикми? Улар ҳам кутубхоналарга бориш, дўконларга кириш, жамоат транспортларида эркин юриш имкониятларидан тўлиқ фойдалана оляптими? Афсуски бунинг учун уларнинг олдида қарздормиз.

Партиямиз ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, мақсадида, “Тўсиқсиз ҳаёт” давлат дастурини ва уларни иш билан таъминлаш мақсадида “Ногирон шахслар бандлигига кўмаклашиш” давлат дастурини қабул қилишни зарур деб ҳисоблайди.

Яна бир масала, ногиронлар фаолият юритадиган корхоналаримиз бор. Мана шу корхоналарга давлат буюртмаларини шакллантиришмиз керак. Бозор иқтисодиёти шароитида яшаяпмиз. Ногиронлар ишлайдиган корхоналар ўзини-ўзи ўнглаб олиши қийин. Шунинг учун уларга давлат буюртмаси ҳисобидан ёрдам берсак, улар ҳам бировга тобеликдан қутулади. Ўзини-ўзи эплаб кетишади.

Шунингдек, ногирон болани тарбиялаётган оналар. Халқимизда шундай хислат борки, ногирон боласи бўлса ҳам у қандай бўлишидан қатъий назар болалар уйи ёки махсус интернатларга беришдан ор қилади. Нима бўлса ҳам ўзи тарбиялашга ҳаракат қилади. Тўғри, давлат ногирон болага нафақа тўлайди. Лекин шу боланинг парвариши билан машғул бўлган онага ҳеч қандай нафақа тўланмайди. Лекин шу даврда она ҳам қандайдир даромадга эга бўлиши керакку. Таклифимиз ногирон болани тарбиялаётган ота ёки онага ҳам, албатта давлатдан нафақа тўланиши керак.

Қашқадарё вилоятида 2 минг 300 нафар 3-гуруҳ ногирони бор. Амалдаги тартибга кўра, уларга нафақа белгиланмаган. Бизнинг таклифимиз фуқаро 3-гуруҳ ногирони бўлса ҳам унга нафақа тайинланиши керак.

Бу борада энг муҳим таклифларимиздан яна бири ногирон болалар ўқийдиган таълим муассасалари шарт-шароитни яхшилаш ва сонини кўпайтириш керак деб ҳисоблаймиз. Уларни махсус адабиётлар, махсус қўлланмалар билан таъминлашимиз зарур. Бу мақсадда шу соҳадаги ўқувчиларга имтиёзлар жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги иштирокининг муҳим омилларидан бири умумий саводхонлигини ошириш мақсадида “Ногиронларни таълим олиш кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозим бўлади.

 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),  ЎзА