Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссиясининг матбуот марказида муҳим сиёсий жараёнда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва сиёсий партиялар ахборот хизматларининг иштироки ҳамда участка сайлов комиссияларида муҳим сиёсий жараёнга кўрилаётган тайёргарлик ишларига бағишланган брифинг ўтказилди.

9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, сиёсий партияларнинг ахборот хизмати раҳбарлари, блогерлар ва “Келажак лидерлари” клуби аъзолари иштирок этди.

Брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи З.Тўраев сайлов жараёнида  оммавий ахборот воситалари ходимлари ва сиёсий партиялар ахборот хизматларининг иштироки ҳақида атрофлича маълумот берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари Ч.Қурбоновнинг участка сайлов комиссияларида муҳим сиёсий жараёнга кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳусусидаги ахбороти тингланди.

Брифингдан қайд этилдики, округ ҳудудида ташкил этилган 860 та сайлов участкасида янги Ўзбекистон ҳаётидаги муҳим сиёсий жараёнга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Жумладан, марказлашган ҳолда тайёрланган барча намунадаги баннер, стенд ва пешлавҳалар участка сайлов комиссияларига етказиб берилди. Марказий сайлов комиссияси юборган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси, янги чоп этилган ўқув қўлланмалари, сайловга оид қонун ҳужжатлари тўплами ва ҳуқуқий ахборот материаллари, сайловга оид плакатлар барча сайлов участкалари кесимида тақсимот қилиниб, тарқатилди.

Сайлов кодексига мувофиқ ҳудудда сайлов участкалари ва участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқлангач, округ сайлов комиссияси аъзолари участка сайлов комиссиялари фаолиятини миллий қонунчилигимиз доирасида ташкил этишга яқиндан кўмаклашаётир. Айни пайтда сайлов участкаларида миллий қонунчилигимиз асосида жиҳозлаб, сайловчиларга қулай шароит яратиш баробарида участка сайлов комиссиялари аъзолари уйма-уй юриб, сайловчиларнинг ягона электрон руйхатига киритилган фуқароларни хатловдан ўтказиш билан ҳам шуғулланмоқда.

Брифингдан сўнг иштирокчилар округ сайлов комиссиясида яратилган шароитлар билан танишди. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

¬–Жойларда сайловга кўрилаётган ҳозирлик ва округ сайлов комиссиясининг қизғин иш жараёни билан танишув биз, ёшларнинг муҳим сиёсий жараён ҳақидаги тасаввурларимизни янада бойитди,¬ – дейди “Келажак лидерлари” клуби аъзоси Сурайё Қодирова.¬ – Ўзимизни қизиқтирган кўплаб саволларга аниқ жавоблар олдик. Масалан, мен Хоразм вилоятиданман. Термиз давлат университетининг педагогика институтида ўқийман. Бу йил Президент сайловида илк марта қатнашаман. Шу боис анчадан буён сайлов куни қаерда овоз беришим қизиқтираётган эди. Округ сайлов комиссияси аъзоларидан шу масалага аниқлик киритиб олдим.

Шу куни журналистлар, сиёсий партияларнинг ахборот хизмати раҳбарлари, блогерлар ва “Келажак лидерлари” клуби аъзолари Термиз шаҳридаги участка сайлов комиссиялари фаолияти билан танишди.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб “Термиз” давлат музей қўриқхонаси биносидаги 269-сайлов учаскасида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди. Участка сайлов комиссияси раиси Насиба Хўшшиева билан билан суҳбатлашиб, замонавий муҳташам бинода сайловчиларга яратилаётган шароитлар ва сайловга кўрилаётган тайёргарлик ишлари билан қизиқди.

– Жорий йилнинг 24 октябрь куни сайлов участкамизда Меҳриобод маҳалласи фуқаролари ўз хохиш-иродасини эркин ифода этади, – ¬деди Н.Хўшшиева.¬ – Бу жараёнга пуҳта ҳозирлик кўрмоқдамиз. Миллий қонунчилигимизда сайлов участкалари сайловга ўн кун қолганда тўлиқ тайёр бўлиши белгиланган. Чунки, шу кундан бошлаб, муддатидан олдин овоз бериш бошланади. Бу кунни кутмасдан сайловчилар, хорижлик ва маҳаллий кузатувчилар, ОАВ вакиллари учун барча қулайликларни ҳозирлаяпмиз. Компьютерларимиз тезкор интернетга уланган. Коимссиямиз аъзоларини кўчаларга бириктириб, сайловчиларнинг ягона электрон руйхатига киритилган фуқароларни хатловдан ҳам ўтказаяпмиз. Шунингдек, ногиронлиги бўлганлар ва сайловда илк марта қатнашадиган ёшларимизни аниқлаяпмиз.

Маълумотларга кўра, сайлов куни бу ерда 2 минг 800 дан ортиқ сайловчининг овоз бериши кутилмоқда. Шу кунгача сайловда ўз уйида туриб овоз бериш истагини билдирган 57 киши ва сайловларда  илк марта иштирок этадиган 50 дан ортиқ йигит-қиз аниқланди. Сайлов участкаси имконияти чекланганлиги сабабли ўз уйида овоз бериш истаги бўлган сайловчилар учун кўчма қути билан таъминланган. Пандемия шароити эътиборга олиниб, сайлов участкасида овоз берувчиларнинг карантин қоидаларига риоя этиши учун ҳам зарур чоралар белгиланган.

Пресс-тур қатнашчиларида вилоят марказидаги Адиб Собир Термизий номли ахборот-кутубхона марказида фаолият юритаётган 244-сайлов участкаси ҳам яхши таассурот ўйғотди. Бу ерда иштирокчилар комиссия раиси ва аъзолари билан дилдан суҳбат қурди. Уларга ажратилган хоналар ва яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Иш жараёни билан қизиқди.

–  Бугунги тадбир кенг қамровлилиги билан аҳамиятли бўлди,¬ – дейди вилоят “Сурхон тонги” ва “Заря сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти мухбири Адолат Мўминова. – Брифингда сайловга тайёргарлик кўриш бўйича олиб борилган сўнгги ишлардан хабардор бўлдик. Округ сайлов комиссияси фаолияти билан ёшларнинг танишуви ҳам барчага ёқди. Пресс-турда участка сайлов комиссияларида амалга оширилаётган ишларни ўз кўзимиз билан кўриб, бу жараённинг иштирокчисига айландик. Сайловнинг очиқ, ошкора ўтишини таъминлаш учун барча қулайликлар яратилаётганига гувоҳ бўлдик. Бу тадбир сайловга кўрилаётган ҳозирлик ишларини холис, кенг ёритишимизда муҳим аҳамият касб этади.

Пресс-тур якунида тадбир ташкилотчилари фаол иштирокчиларга янги чоп этилган ҳуқуқий ва бадиий китобларни туҳфа қилди.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, (ЎзА)